Жаҳон | 16:54 / 29.12.2024
8327
3 дақиқада ўқилади

Лукашенко ва Пашинян гап талашиб қолди

Россиядаги Евросиё иқтисодий иттифоқи йиғилишида сизга айтмасак бўлмайдиган қизиқ иш бўлди. Йўқ, бу гал Имомали Раҳмон «бизни иккинчи сорт одам деб ҳисоблаяпсан» қабилида гапириб, Путинни тузлагани йўқ. Бу сафар Беларус президенти Александр Лукашенко ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян дипломатчасига уришиб қолишди.

Лукашенко нима деди?

Беларус президенти Александр Лукашенко дўсти Путинга яхши кўринишни истаган шекилли, Пашинян Петербургга келмаганига эътироз билдирди. Ҳатто Пашиняннинг устидан кулишга уринди. Йиғилишда Никол Пашинян видеоформатда қатнашаётганди.

«Раис сифатида истаган бўлардимки, ҳамкорларимизга бизнинг иттифоқимиз қизиқ бўлса, улар телевизор орқали биз билан қандай ҳамкорлик қилишини айтишини эмас, ўзи келиб қатнашишини. Никол Иванович, бу гапимнинг сизга алоқаси йўқ. Хабарим бор, сиз соқолингизни олдирганингиздан ташқари бироз бетобсиз. Шу учун сизни ёш, ташқи ҳамкоримиз деб қабул қиламан», деб телевизор орқали йиғилишда қатнашаётган ягона иштирокчи Пашиняннинг устидан кулди Лукашенко.

Арманистон бош вазири эса Лукашенконинг гапидан жаҳли чиқиб, Минскда ўтадиган кейинги йиғилишга ҳам бормаслигини, Арманистон делегацияси ҳам унда видеоформатда қатнашишини айтди. Шунда Лукашенко нима муаммо, одамларингизни олиб боролмасангиз, биз буни ташкил қилишимиз мумкин ёки Минск сизга шунчалик узоқми, деб даҳанаки жангга киришди. Пашинян эса бунақа гапларни видеоформатда гаплашса ҳам бўлади деб жавоб қайтарди.

Бу даҳанаки жангда охирги нуқтани ҳам Никол Пашинян қўйди. Унинг гапига бир неча сония ҳеч ким жавоб бермагач, «У ердаги телевизорда муаммо бор шекилли», деди Арманистон бош вазири.

Гап нимада ўзи?

Лукашенко бежизга Пашинянга бунақа дуэл таклиф қилмади. Гап шундаки, Олий Евросиё иқтисодий иттифоқи йиғилиши Ереванда ўтиши керак эди. Аммо Арманистон уни ўзида қабул қилмаслигини билдирди. Буни иштирокчи давлатларнинг ҳаммаси ҳам Арманистон учун хушланган мамлакатлар эмаслиги билан изоҳлади.

Кейин Пашинян Петербургдаги йиғилишга ҳам бормаслиги, йиғилишда онлайн қатнашишини айтди. Россияга бормасликка коронавирусга чалиниб қолганини баҳона қилди. Кўпчилик Пашинян коронавирусни айнан Россияга бормаслик учун баҳона сифатида ўйлаб топди деган хулосага келди. Лукашенко ҳам шунга ишора қилди.

Бу ерда бошқа масала ҳам бор. Агар Евросиё иқтисодий иттифоқи йиғилиши Ереванда ўтказилса, унга расман Владимир Путин ҳам боролмасди. Чунки Арманистон Рим статутини ратификация қилган ва унинг талабига кўра Халқаро Ҳаага суди ҳибсга олишга ордер берган Владимир Путинни қўлга олиб топширишга мажбур. Қизиғи, Арманистон Рим статутини Ҳаага суди Путинни ҳибсга олишга ордер берганидан кейин ратификация қилганди.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид