СССР ва Россия томонидан уриб туширилган самолётлар
Фуқаро авиацияси тарихида кўплаб йўловчи самолётлари уриб туширилган. Шу жумладан, советлар томонидан ҳам. СССР парчалангандан кейин ҳам уларни уриб тушириш давом этмоқда. Сўнгги ҳодиса 25 декабр куни Озарбойжон самолёти билан содир бўлди ва уни Россия уриб туширгани айтилмоқда. 28 декабр куни Путин ҳалокат юзасидан Илҳом Алиевдан узр сўради. Бироқ Россия шу пайтгача ўзи гумонланган бошқа ҳодисаларда самолёт уриб туширганини тан олмаган.
2024 йил 25 декабр куни Қозоғистоннинг Оқтов шаҳри яқинида Azerbaijan Airlines (AZAL) авиакомпаниясига қарашли Боку – Грозний йўналишида парвоз қилаётган Embraer E190 самолёти қулаб тушди.
Оқибатда самолёт бортида бўлган 67 одамдан 38 нафари ҳалок бўлди. 29 киши тирик қолди, бироқ уларнинг айримлари шифохонада оғир аҳволда қолмоқда.
Аввалига самолёт Грозний ва Махачқалъа аэропортларига қалин туман туфайли қўна олмагани ва Оқтовга учишга мажбур бўлгани, кейинроқ Embraer E190ʼнинг қулаб тушишига қушлар галаси сабабчи бўлгани айтилди.
Бироқ самолёт фюзелажида аниқланган тешиклар, у ҳавода бўлган пайтида ўққа тутилган деган тахминни келтириб чиқарди. Жумладан, Euronews телеканали ўз манбасига таяниб самолётга Грозний тепасида Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари ракета зарбаси бергани ҳақида хабар берди.
Унга кўра, Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Грознийда дронлар “фаоллашган” вақтда (шу вақтда Кавказдаги регионларга украин дронлари ҳужум қилаётганди) AZAL самолёти томонга ракета учирган. Ракета самолёт яқинида портлаб, унинг қопламасига зарар етказган. Буни Euronews телеканалининг Озарбойжон ҳукуматидаги манбалари ҳам тасдиқлаган.
Euronews телеканали манбалари учувчилар фавқулодда қўнишни сўраганига қарамай, шикастланган самолётга Россия аэропортларига қўнишга рухсат берилмаганини айтган. Экипажга Каспий денгизи орқали Қозоғистон ғарбидаги Оқтов шаҳри томон учиш кераклиги айтилган.
Azerbaijan Airlines “самолёт физик ва техник ташқи таъсир оқибатида ҳалокатга учрагани” ҳақида баёнот берди. Россия томони эса ҳозирча ҳодиса ҳақида ҳеч қандай изоҳ бермади.
Агар фуқаро авиацияси тарихига назар ташланса, Оқтовдаги ҳодиса ягона эмас. Шу пайтгача Россия бир қанча самолётларни уриб туширганликда айбланган.
Бу давлат ҳатто аниқ далиллар бўлса ҳам шу пайтгача йўловчи самолётларини уриб туширганини тан олмаган. Бироқ 2024 йил 28 декабр куни Владимир Путин Илҳом Алиевдан узр сўради.
Кремл матбуот хизматининг маълум қилишича, Путин Алиевга қўнғироқ қилиб, Оқтовда содир бўлган ҳалокатни муҳокама қилган.
“Путин Озарбойжон самолёти билан содир бўлган воқеа Россия ҳаво ҳудудида юз бергани учун Алиевдан узр сўради. Россия президенти авиаҳалокатда қурбон бўлганларнинг оила аъзоларига яна бир бор ҳамдардлик билдирди”, дейилади хабарда.
Хабарга кўра, Россия тергов қўмитаси Жиноят кодексининг 263-моддаси (ҳаво транспорти ҳаракати хавфсизлиги ва ҳаво транспортидан фойдаланиш қоидаларини бузиш) бўйича жиноят иши очган. Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, фуқаролик ва ҳарбий мутахассислар сўроқ қилинмоқда.
Қуйида Россия уриб туширганликда гумон қилинган самолёт ҳалокатлари ҳақида гаплашамиз.
Полша президенти ўтирган самолёт ҳалокати
2010 йил 10 апрел куни Полша пойтахти Варшавадан Россияга парвоз қилаётган Ту-154 самолёти Смоленскдаги аэродром яқинида ҳалокатга учрайди.
Оқибатда 8 нафар экипаж аъзоси ва 88 нафар йўловчи ҳалок бўлади. Ҳалок бўлганлар орасида Полша президенти Лех Качински, унинг рафиқаси, юқори лавозимдаги мутасаддилар ва ҳарбийлар бор эди.
Ҳалокатни ўрганиш бўйича ташкил этилган комиссия ҳодиса ноқулай об-ҳаво туфайли содир бўлган деб хулоса берган. Аммо бошқа тахминлар ҳам билдирилган.
Бу ҳодиса бўйича кўплаб текширувлар ва суриштирувлар ўтказилган. Полша томони ҳодисада Россияни айблаган, Москва эса ҳалокатга алоқаси йўқлигини айтган.
Полша президенти парвоз вақтида учувчилар хонасига кириб, уларга босим ўтказиб, турли буйруқлар бериб турган. Айримлар Смоленскда ҳам қаерга қўнишни у ҳал қилган ва учувчилар буйруқни бажарган дейишади.
Нима бўлганда ҳам Смоленскдаги ҳодисада Россия томони ҳам айбланади ва улар ҳалокатни уюштирганликда гумонланади.
Донецкдаги ҳодиса
2014 йил 17 июл куни Амстердам – Куала-Лумпур йўналишида парвоз қилаётган Malaysia Airlines авиакомпаниясига қарашли Boeing 777 Донецк шаҳри яқинида уриб туширилади. Оқибатда самолёт бортидаги 298 киши ҳалок бўлади.
Ўша пайтда Донецк атрофида Россия армияси қўллаб турган айирмачилар ва Украина армияси ўртасида жанговар ҳаракатлар бўлиб турганди.
Ҳалокатдан сўнг томонлар самолётнинг уриб туширилишида бир-бирини айблайди. Кейинроқ самолётга Россияга тегишли “Бук” зенит-ракета тизими билан зарба берилгани ойдинлашади.
Айирмачилар, аниқроғи Россия ҳарбийлари Малайзия самолётини Украинанинг Ан-26 самолёти деб ўйлаб, унга ракета билан зарба беради.
2022 йил Ҳаага округ суди самолётни уриб туширишда Донецк халқ республикаси айирмачилар қўмондони бўлган Игор Гиркинни айбдор деб топади.
Советлар уриб туширган йўловчи самолётлари
СССР ҳарбийлари томонидан ҳам бир қанча йўловчи самолётлари уриб туширилган. Улар орасида ҳатто советларнинг ўз самолёти ҳам бор.
1962 йилда Красноярск ўлкасида қулаб тушган Ту-104 самолётини аввалига ноқулай об-ҳаво ёки учувчилар хатоси туфайли ҳалокатга учраган деб топишади.
Бироқ худди Оқтовда қулаб тушган самолётда бўлгани каби Ту-104 фюзелажида тешик топилгач, уни ҳарбийлар уриб туширгани ойдинлашади.
Қуйида советлар томонидан уриб туширилган йўловчи самолётлари ҳақида сўз юритамиз.
Болгарияда уриб туширилган Исроил самолёти
Совет ҳарбийлари томонидан йўловчи самолётининг уриб туширилиши ҳодисаси илк бор ўтган асрнинг 50-йилларида содир бўлади.
1955 йил 27 июл куни Исроилнинг El Al авиакомпаниясига қарашли Lockheed Л-049 Constellation самолёти Лондон – Вена – Истанбул – Тел-Авив йўналишида учаётганда Болгария осмонида уриб туширилади.
Самолётни Болгарияда жойлашган СССР ҳарбий ҳаво кучлари базасида хизмат қилган советларнинг МиГ-15 қирувчи самолёти уриб туширганди. Оқибатда самолёт бортида бўлган 51 нафар йўловчи ва 7 нафар экипаж аъзолари ҳалок бўлади.
Кейинчалик ўтказилган суриштирувларда самолёт йўлдан адашиб, Болгария ҳаво ҳудудига рухсатсиз кириб кетгани маълум бўлади. Ўшанда СССР ўз айбини тан олмайди.
Бир неча йил давом этган суд жараёнларидан кейин, 1959 йилда Халқаро суд ҳукми билан ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига товон пулини Болгария тўлаб беради.
Ўз самолётини уриб туширган СССР
1962 йил 30 июнда Аэрофлот авиакомпаниясига қарашли Ту-104 самолёти Хабаровск – Иркутск – Омск – Москва йўналиши бўйича учаётганда Кросноярск ўлкаси ҳудудида қулаб тушади. Оқибатда самолёт бортида бўлган 76 нафар йўловчи ва 8 нафар экипаж аъзолари вафот этади.
Ҳодиса юзасидан суриштирув олиб борган комиссия ҳалокатга самолётнинг булутлар орасига тушиб қолиши ёки унинг салонида содир бўлган иш сабаб бўлган деган хулосага келади.
Аммо самолёт бўлакларининг биридан диаметри 20 сантиметр бўлган тешик топилади. Тешикнинг атрофи куйган эди. Ту-104 ўша ҳудудда жойлашган ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлимидан машғулот пайтида учирилган зенит ракетаси билан уриб туширилганди.
Аксарият воқеа ва ҳодисаларни оммадан яширган советлар Ту-104 самолёти ҳарбийлар томонидан уриб туширилганини ҳам одамлардан яширади. Ҳодиса тафсилотлари СССР парчаланиб кетгандан сўнг оммага ошкор бўлади.
Сахалинда уриб туширилган Корея самолёти
1983 йил 1 сентябр куни СССРнинг Су-15 қирувчи самолёти Жанубий Кореянинг Korean Air Lines авиакомпаниясига тегишли Boeing 747 самолётини уриб туширади. Оқибатда самолёт бортида бўлган 269 кишининг барчаси ҳалок бўлади.
Аввалига СССР самолётни уриб туширганини тан олмайди. Бироқ кўп ўтмай Boeing 747 уриб туширилгани аниқ далиллар билан исботланади. Шунда советлар Boeing 747 чегарани кесиб, СССР ҳудудига ўтгани ва уни ҳарбий самолёт деб гумон қилиб, уриб туширилганини айтишади.
Ўшанда халқаро ҳамжамият СССР ҳарбийлари самолётнинг фуқаро авиациясига тегишли эканини била туриб уриб туширган, деган хулосага келади. Шундан сўнг Ғарб давлатларининг СССР билан муносабатлари баттар совуқлашади: Афғон уруши туфайли эълон қилинган санкциялар янада кучайтирилади.
Мурманскда мажбуран қўндирилган самолёт
1978 йил 20 апрелда Жанубий Кореянинг Korean Air Lines авиакомпаниясига тегишли Boeing 707 самолёти Париждан Сеулга парвоз қилаётганда адашиб, СССР ҳудудига ўтиб кетади. Ўшанда самолёт бортида 97 йўловчи ва 12 нафар экипаж аъзолари бўлган.
Шундан сўнг дарҳол ҳавога ҳарбий самолётлар чиқарилади ва улар Boeing 707ʼга ракета билан зарба беришади. Самолёт жиддий шикастланади ва қулаб тушмаслик учун Карелиядаги музлаган кўлга фавқулодда қўнишга мажбур бўлади.
Boeing 707 дарҳол совет ҳарбийлари томонидан ўраб олинади. Тунда йўловчилар пастга туширилади. Ракета зарбаси туфайли бир йўловчи ҳалок бўлгани, ўндан ортиқ одам жароҳатлангани ойдинлашади.
21 апрел куни эрталаб Boeing 707 йўловчилари ва экипаж аъзоларини вертолётлар ёрдамида аввал ҳарбий базага, кейин самолёт билан Мурманск шаҳрига олиб боришади. Сўнг улар Хелсинкига жўнатилади.
Йўловчилар ва экипаж аъзолари Хелсинкидан АҚШга қарашли Boeing 727 самолёти билан Жанубий Кореяга учириб юборилади.
Самолётнинг икки нафар учувчиси – экипаж командири ва штурман олиб қолинади. Улар СССР ҳаво ҳудудини бузиб киришда айбланади ва КГБ томонидан тергов қилинади. Сўнг СССРдан чиқариб юборилади. Boeing 707 СССРда қолади.
Kun.uz сайтидан ва унинг YouTubeʼдаги каналидан узоқлашманг, кейинги мақолада бошқалар томонидан уриб туширилган йўловчи самолётлари ҳақида маълумот берамиз.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
01:39
Россияда Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаган маҳбусларга бир марталик тўловлар бекор қилинди
20:56 / 31.12.2024
Павел Дуров рус медиа каналларига Европа Иттифоқи санкция киритганини тан олди
18:49 / 31.12.2024
«Газпром» Украина орқали Европага газ етказиб беришни қисқартира бошлади
17:48 / 31.12.2024