Украина илк бор КХДР аскарини асирга олди
У олинган жароҳатлардан вафот этган.
Украина кучлари Россиянинг Украинага қарши урушида иштирок этиш учун юборилган шимолий кореялик асир ярадор ҳолда асир олинган, бу ҳақда Жанубий Корея разведкаси хабар берган. Кейинроқ асир вафот этгани маълум бўлди.
«Дўстона мамлакатнинг разведка ташкилоти билан реал вақт режимида маълумотлар алмашинуви туфайли шимолий кореялик ярадор аскар қўлга олингани тасдиқланди», дейилади Жанубий Корея миллий разведка хизмати (NIS)дан иқтибос келтирган AFP хабарида.
Кейинроқ Yonhap агентлиги разведка идорасига асосланган ҳолда тирик ҳолда асир олинган шимолий кореялик аскар жароҳатлардан вафот этганини маълум қилди.
Бу КХДР ҳукумати Россияга Украинага қарши урушда ёрдам учун юборган шимолий кореялик ҳарбий асир олиниши билан боғлиқ илк ҳолат бўлди.
Сеулнинг бу маълумоти телеграм-каналларда ярадор аскар акс этгани айтилган фото тарқалиши ортидан берилди. Бу сурат тарқалганидан кейин Украина томони бу бўйича расмий маълумот бермаётганди.
AFP агентлигининг Жанубий Корея разведкасидаги манбаси ярадор ҳарбий чиндан ҳам Украина армияси томонидан асир олинганини тасдиқлаган, аммо бу айнан қаерда рўй берганига аниқлик киритилмаган.
Украинанинг Militarnyi нашрига кўра, асирга олиш Россиянинг Курск областида содир бўлган.
Киев ва Сеул маълумотларига кўра, Шимолий Корея Россияга ёрдам учун 10 минг ҳарбий юборган, Москва ва Пхенян ва бу аскарлар урушда қатнаётганини тасдиқламаган ва рад этмаган ҳам.
«Украинлар учун Шимолий Корея аскарларини асир олиб, уларни россияликлар қўлидаги украин ҳарбий асирларига алмаштиришга уриниш фойдалироқ бўлади», — деган BBC билан суҳбатда Сеулдаги Асан сиёсий тадқиқотлар институти таҳлилчиси Ян Ук.
Россия-Украина урушида олинган охирги кадрлар «Шимолий Кореянинг катта қўшини жойлаштирилиши» ҳақидаги тахминларни тасдиқлаганди, дейди эксперт. Аммо, унинг сўзларига кўра, «улар Шимолий Корея фуқаролари эканини тасдиқлаш қийин бўлади».
Украина кучлари шимолий кореялик аскарларга Россиянинг шахсни тасдиқловчи сохта ҳужжатлари берилаётганини маълум қилган, Украина президенти Володимир Зеленский эса ўтган ҳафтада россиялик аскарлар шахсини яшириш учун КХДРнинг ҳалок бўлган ҳарбийларининг юзини ёқиб юбораётгани ҳақида кадрларни намойиш этганди.
Украина ва Жанубий Корея разведка хизматлари маълум қилишича, Россияга юборилаётган ҳарбийларнинг кўпчилиги КХДРнинг «Шторм» корпуси сифатида ҳам тан олинган 11-корпусга мансуб энг яхши ҳарбийларидир.
Зеленский ҳафта бошида Курск областидаги жанглар давомида ўлдирилган ва яраланган шимолий кореялик аскарлар 3 мингдан ошиши ҳақида айтганди.
Россиянинг 2022 йил февралида бошланган босқинига жавобан Украина 2024 йил 6 августда Курск областига бостириб кирганди. Декабрда Россия президенти Владимир Путин ҳар йилги «жонли мулоқот» чоғида Россия мазкур ҳудудини қайси муддатда озод қилиши ҳақидаги саволга жавоб бермасдан, бу саволга аниқ жавоб ҳарбий тактикага тўғри келмаслигини айтганди.
Шимолий ва Жанубий Корея ўртасидаги кескинлик авж олиши фонидаги воқеалар ривожи Ғарбда хавотир уйғотмоқда. Азалдан ҳар икки томон учун иттифоқчи саналган Хитой ҳам Москва ва Пхеняннинг дўстлиги кучайишини хавотир билан кузатмоқда.
Мавзуга оид
01:39
Россияда Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаган маҳбусларга бир марталик тўловлар бекор қилинди
20:56 / 31.12.2024
Павел Дуров рус медиа каналларига Европа Иттифоқи санкция киритганини тан олди
20:00 / 31.12.2024
Россия Украина бўйлаб ёпирилма зарба йўллади, Украина жавоб қайтарди
18:49 / 31.12.2024