Жаҳон | 21:19 / 29.12.2024
3082
2 дақиқада ўқилади

Хитой туғилишни рағбатлантириш учун ёлғиз одамларга кўмак дастурини ишга туширди

Университетлар ёлғиз талабаларга қаратилган «никоҳ ва севги курсларини» жорий этмоқда. Хитойнинг Миллий соғлиқни сақлаш комиссияси баёнотига кўра, «талабалар университетларда севгисини топиши мумкин».

Фото: Financial Times

Хитой туғилишни рағбатлантириш дастурини кенгайтириб, ёлғиз одамларни турмуш қуришга уринмоқда, оилаларни бир нечта фарзанд кўришга ишонтиришнинг турли усулларини синаб кўрмоқда. Financial Times (FT) маълумотларига кўра, имтиёзлар ҳам маҳаллий, ҳам миллий миқёсда амалга ошириляпти.

Қайд қилинишича, маҳаллий ҳокимият вакиллари турмуш қурган аёлларга қўнғироқ қилиб, фарзанд кўриш режалари ҳақида сўрамоқда. Шундан сўнг, аёллар соғлиғини текшириш учун клиникаларга таклиф қилиняпти. Бир ёки бир нечта фарзанди бўлган оилаларга кўпроқ фарзанд кўриш учун махсус нафақа бериляпти. Жэцян шаҳрида яшовчи фуқаронинг сўзларига кўра, маҳаллий ҳокимият аёлларга иккинчи фарзандни дунёга келтирса, 100 минг юан (14 минг доллар) ваъда қилган.

Бундан ташқари, университетлар ёлғиз талабаларга қаратилган «никоҳ ва севги курсларини» жорий этмоқда. Хитойнинг Миллий соғлиқни сақлаш комиссияси баёнотига кўра, «талабалар университетларда севгисини топиши мумкин».

Шу билан бирга, қўмита томонидан талабалар ўртасида ўтказилган сўров маълумотлари шуни кўрсатдики, сўровда иштирок этганларнинг 57 фоизи ҳали оила қуришни хоҳламайдилар, чунки улар ўқиш билан бирга кўп ишлаши керак.

Хитой аҳолиси камайиб бормоқда ва ўлимлар сони туғилиш сонидан ошиб кетган. Бу маҳаллий маъмуриятларни тобора оғир демографик муаммолар билан курашишга мажбур қилмоқда, деб таъкидлади нашр.

«Хитой аҳолиси учта асосий тенденцияга дуч келмоқда: қариш, туғилишнинг пастлиги ва никоҳнинг паст даражаси», деди таниқли иқтисодчи Рен Зепинг. «Болалар камроқ, қариялар эса кўпроқ. Хитойнинг қариш тезлиги ва кўлами мисли кўрилмаган даражада».

Мавзуга оид