Жаҳон | 16:47 / 30.12.2024
3343
3 дақиқада ўқилади

2024 йилда АҚШда уйсизлар сони рекорд даражага етди

Ўн йиллар давомида етарли даражада қурилиш олиб борилмагани натижасида уйларга бўлган талаб таклифдан сезиларли даражада ошиб кетган.

Фото: Getty Images

АҚШда уйсизлар сони кузатувлар тарихидаги энг юқори даражага етди, деб ёзмоқда CNN.

АҚШ Уй-жой қурилиши ва шаҳар ривожланиши департаменти (HUD) маълумотларига кўра, 2024 йилда уйсизлар сони 770 минг кишидан ошиб кетди, бу 2023 йилга нисбатан 18 фоизга кўп. Ушбу кўрсаткич HUD 2007 йилда маълумотларни тўплашни бошлаганидан буён энг юқори йиллик ўсиш ҳисобланади (2021 йилдан 2022 йилгача бўлган даврдаги ўсиш бундан мустасно, чунки ўша пайтда агентлик COVID-19 пандемияси сабабли тўлиқ ҳисоб-китоб қила олмаган).

Ҳисоботда таъкидланишича, уйсизликнинг кескин ўсиши арзон уй-жойлар етишмаслиги, бошпана излаётган муҳожирлар сони ортгани ва табиий офатлар туфайли айрим одамлар ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлгани билан боғлиқ.

HUD ҳисботи маълумотлари, анъанага мувофиқ, 2024 йил январида тўпланган, аммо ҳужжат 27 декабр куни департамент сайтида эълон қилинди.

Ушбу ҳисобот Америкадаги арзон уй-жой танқислиги муаммосининг фожиали оқибатларини акс эттиради, деб таъкидлади CNN. Ўн йиллар давомида етарли даражада қурилиш олиб борилмагани натижасида уйларга бўлган талаб таклифдан сезиларли даражада ошиб кетди. Бу ҳолат 2024 йилда уй-жой нархларининг рекорд даражада кўтарилишига сабаб бўлди. Федерал захира тизими жорий йилда фоиз ставкаларини уч марта пасайтирганига қарамай, уй сотиб олиш учун кредит олиш нархи юқорилигича қолди.

Пандемия давридаги қисқа муддатли пасайишдан сўнг ижара нархлари ўсишда давом этмоқда. АҚШ Аҳолини рўйхатга олиш бюроси маълумотларига кўра, 2023 йилга келиб ижарачиларнинг деярли ярми ўз даромадларининг 30 фоизидан кўпроғини уй-жой учун сарфламоқда. Бу уларни харажатлари оғир инсонлар тоифасига киритади.

“Ҳеч бир америкалик уйсиз қолмаслиги керак. Байден-Ҳаррис маъмурияти ҳар бир оилани арзон, хавфсиз ва сифатли уй-жой билан таъминлашга интилмоқда”, — деб таъкидлади АҚШ уй-жой қурилиши ва шаҳар ривожланиши котиби Адрианна Тодман ўз баёнотида. “Бу маълумотлар деярли бир йил олдинги бўлиб, ҳозирги вазиятни акс эттирмаса-да, уйсизликнинг олдини олиш ва уни бартараф этиш бўйича фактларга асосланган саъй-ҳаракатларга эътибор қаратиш ниҳоятда муҳим”.

HUD ҳисоботи шуни кўрсатдики, Даллас ва Лос-Анжелесда уйсизлар сони камайган, аммо бошқа кўплаб шаҳарларда улар ўтган йилга нисбатан ошган.

Шу билан бирга фахрийлар орасида уйсизлик ўтган йилга нисбатан деярли 8 фоизга камайиб, кузатувлар тарихидаги энг паст кўрсаткичга тушган.

Мавзуга оид