Жаҳон | 16:36 / 30.12.2024
4607
3 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда ҳаво ифлосланиши миллионлаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлмоқда

Ҳиндистонда қарийб 1,4 миллиард киши соғлиғига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ифлос ҳаводан нафас олаётгани аниқланди.

Фото: Getty Images

Каролина институти ўтказган янги тадқиқотга кўра, ҳаво ифлосланишининг узоқ муддатли таъсири Ҳиндистонда миллионлаб кишиларнинг вафотига сабаб бўлмоқда. The Lancet Planetary Health журналида эълон қилинган ушбу тадқиқот мамлакатда ҳаво сифатининг янада қатъийроқ меъёрларини жорий этиш зарурлигини таъкидлайди.

Ҳаводаги зарарли заррачалар (PM2.5) ўпка ва қонга кириб бориши мумкин, бу эса Ҳиндистон аҳолиси саломатлиги учун жиддий хавф туғдиради. Олимлар мазкур заррачалар ва ўлим кўрсаткичлари ўртасидаги боғлиқликни ўн йиллик (2009 йилдан 2019 йилгача) давр мобайнида ўрганиб чиқди. Тадқиқот Ҳиндистоннинг 655 та тумани маълумотларига асосланган.

“Ҳар бир куб метрда PM2.5 концентрацияси 10 микрограммга ошганда, ўлим кўрсаткичи 8,6 фоизга кўтарилишини аниқладик”, — деди тадқиқот муаллифи ва Каролина институти қошидаги Атроф-муҳит тиббиёти институтининг илмий ходими Петтер Люнгман.

Тадқиқот давомида ҳаво ифлосланиши даражасидаги ўзгаришлар ва ўлим кўрсаткичлари ўртасидаги боғлиқлик таҳлил қилинди. Натижалар шуни кўрсатадики, ушбу давр мобайнида тахминан 3,8 миллион ўлим ҳолати Ҳиндистонда ҳаво ифлосланиши белгиланган меъёрдан 40 микрограмм/куб метр ошгани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан тавсия этилган янада қатъий меъёрлар (бир куб метр ҳавода атиги 5 микрограмм) билан солиштирилганда, ушбу рақам 16,6 миллион ўлимгача кўтарилади. Бу ўн йиллик давр мобайнида қайд этилган барча ўлимларнинг деярли 25 фоизини ташкил этади.

Тадқиқотда, шунингдек, Ҳиндистоннинг бутун аҳолиси PM2.5 даражаси ЖССТ меъёрларидан юқори бўлган ҳудудларда истиқомат қилиши таъкидлаб ўтилган. Яъни қарийб 1,4 миллиард киши ҳар йили соғлиғига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ифлос ҳаводан нафас олмоқда. Баъзи ҳудудларда ифлосланиш даражаси бир куб метрга 119 микрограммгача етган, бу ЖССТ ва Ҳиндистон хавфсиз деб ҳисоблаган даражадан анча юқори.

“Ҳиндистонда мавжуд меъёрлар соғлиқни муҳофаза қилиш учун етарли эмас. Чиқиндиларни камайтириш бўйича янада қатъийроқ қоидалар ва чоралар ғоят муҳим”, — деб таъкидлади Петтер Люнгман.

2017 йилдан буён Ҳиндистон ҳукумати ҳаво сифатини яхшилаш мақсадида ҳавонинг ифлосланишига қарши курашиш бўйича миллий дастурни амалга ошириб келмоқда. Шунга қарамай, кўплаб ҳудудларда PM2.5 концентрацияси ўсишдан тўхтагани йўқ.

Тадқиқотчилар маҳаллий даражада чиқиндиларни камайтириш ҳамда ҳаво ифлосланишининг узоқ масофага тарқалишини ҳисобга олиш муҳимлигини таъкидламоқда — PM2.5 заррачалари юзлаб километр масофага кўчиши мумкин.

Мавзуга оид