Жаҳон | 22:29 / 30.12.2024
1725
2 дақиқада ўқилади

Испания ҳукумати 7 тонна кокаинни мусодара қилди

Испанияда ерости контейнерларига яширилган 7 тонна гиёҳвандлик моддалари аниқланди. Ҳуқуқ-тартибот органлари уч нафар гумонланувчини қўлга олишга муваффақ бўлди.

Фото: Anadolu

Испания ҳукумати фермалардан биридаги еростига яширилган денгиз контейнерлари ичидан 7 тонна кокаинни мусодара қилди.

Қайд этилишича, гиёҳвандлик моддаларини аниқлаш бўйича операция 27 декабр куни, Гавадалквивир дарёсида иккита шубҳали қайиқ пайқалганидан кейин бошланган.

Тегишли идоралар қайиқни Кория-дел-Рио туманидаги фермагача кузатиб борган ва гумонланувчилар иккита ерости контейнерига наркотикларни яширганини аниқлаган.

Операция давомида уч киши қўлга олинган. Шунингдек, 7 тонна кокаиндан ташқари учта ўқотар қурол, жумладан, «АК-47» автомати ҳамда ўғирланган иккита автомобил мусодара қилинган.

Полицияга кўра, мазкур операция Гвадалквивир дарёси орқали амалга оширилиб келинадиган гиёҳвандлик моддалари савдоси тармоғига жиддий зарар етказган.

Декабр бошларида Москвада Колумбия картели аъзолари ярим тонна кокаин билан қўлга тушгани, Доминикана расмийлари рекорд даражадаги 9,5 тонна кокаинни мусодара қилгани тўғрисида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, ноябр охирларида Колумбия полицияси дунёнинг 61 та давлатидан бўлган ҳамкасблари билан биргаликда «Орион» номи остида гиёҳвандлик воситалари савдосига қарши кенг кўламли операцияни ўтказганди. Улар олти ҳафта ичида 225 тонна кокаин мусодара қилишга муваффақ бўлган (2022 йилда ушбу кўрсаткич 671 тоннани ташкил этган).

Мавзуга оид