Жаҳон | 11:00 / 30.12.2024
14955
8 дақиқада ўқилади

«Россия — муҳим мамлакат». Суриянинг янги раҳбари Москва билан муносабатлар ва сайловлар ҳақида гапирди

Суриянинг янги раҳбари Аҳмад ал-Шаръа Россия билан муносабатларни бутунлай бузмоқчи эмаслигини айтди ва мамлакатда тўрт йил ичида сайловлар ўтказишга ваъда берди. У шунингдек «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» қуролли гуруҳини тарқатиб юбориш ниятида эканини маълум қилган.

Фото: Reuters

ҲТШ шу вақтга қадар кўплаб мамлакатларда, жумладан АҚШ ва Россияда террорчилик ташкилоти сифатида расман тақиқланган. Айнан шу ҳаракат Сурия президенти Башар Асад режими ағдарилиши билан якунланган ҳарбий ҳаракатларга бошчилик қилганди.

Москва Асаднинг яқин иттифоқчиси бўлган, у кўп йиллар мобайнида айнан Сурия шаҳарлари ва исёнчилар бўйлаб зарбалар йўллаб келган Россия армияси кўмаги туфайли ҳокимиятда қолганди. Сурияда Россия ҳарбий базалари жойлашган ва исёнчи кучлар Дамашқни эгаллаганида, Асад айнан Россияга қочганди — РФ армияси ёрдамида.

Яқинда BBC мухбири, Сурияда бўлган Григор Атанесян хабар берганидек ал-Шаръа раҳбарлигидаги янги ҳукумат Москва билан музокараларга киришган ва Россия кучлари зудлик билан олиб кетилишини талаб қилмайди.

«Россия — муҳим Мамлакат ва дунёдаги иккинчи қудратли куч деб ҳисобланади. Бу муҳим аҳамиятга эга», — деган ал-Шаръа Саудиядаги Al Arabiya давлат телеканалига берган интервюсида. Сурия етакчиси Россия ва Сурияни умумий стратегик манфаатлар боғлаб туришини қўшимча қилган.

«Суриянинг барча қуроллари Россиядан келтирилган ва кўплаб электр станциялар россиялик мутахассислар томонидан бошқарилади. Биз кўпчилик хоҳлагани каби Россия Сурияни ўзаро муносабатларимизга путур етказадиган тарзда тарк этишини истамаймиз», — деган ал-Шаръа.

Якшанба куни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров РИА Новости давлат агентлигига берган интервюсида Россия базалари тақдири Суриядаги янги ҳукумат билан музокаралар предмети бўлиши мумкинлигини айтганди.

«Гап нафақат базаларимиз ёки таянч пунктларимизни сақлаб қолиш ҳақида, балки уларнинг фаолият юритиши, техник хизмат кўрсатиш ва таъминот етказиб туриш, маҳаллий томон билан ўзаро ҳамкорлик қилиш шартлари ҳақида ҳам боради», — деган Лавров бўлғуси музокаралар ҳақида.

АҚШ, БМТ, Теҳрон ва Ар-Риёдга мурожаатлар

Аҳмад аш-Шаръа (Абу Муҳаммад ал-Жўланий номи билан машҳур)

Ал-Шаръа АҚШнинг Доналд Трамп бошчилигидаги янги маъмурияти Сурияга нисбатан санкцияларни бекор қилишига умид билдирди. «Умид қиламизки, Трампнинг янги маъмурияти ўзидан олдинги раҳбарининг сиёсатига амал қилмайди», — деди у.

У БМТни Суриядаги ҳаракатсизлиги учун ҳам танқид қилди. «Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳаттоки бир маҳбуснинг озод этилишини таъминлай олмади ёки бир қочқиннинг қайтишига ёрдам бера олмади», — деди у.

Эрон бўйича, ал-Шаръа Теҳронни қўшниларининг ишларига аралашиш бўйича минтақавий сиёсатини қайта кўриб чиқишга чақирди ва ҲТШ кучлари Асад армиясига қарши ҳужум пайтида Эрон позицияларига ҳужум қилишдан эҳтиёт бўлганини таъкидлади.

«Саудия Арабистони Сурия келажагида муҳим рол ўйнайди ва мен у биз учун қилган барча ишларидан фахрланаман», — деди ал-Шаръа. У болалигини Ар-Риёдда ўтказгани ва яна шаҳарга боришга умид қилаётганини айтиб ўтди.

Сайловлар, конституция ва ҲТШ тарқатиб юборилиши

ҲТШнинг ўтмишда Абу Муҳаммад ал-Жўланий сифатида танилган, аммо эндиликда бу тахаллусидан воз кечган раҳбари ҳокимиятга келганидан буён илк бор Сурияда қачон сайловлар ўтказилиши мумкинлиги ҳақида гапирди.

«Сайлов жараёни тўрт йил вақт олиши мумкин», — дея таклиф қилган мамлакат раҳбари буни овоз беришни ташкиллаштириш учун ҳали юридик тизимни тиклаш ҳамда Сурия аҳолисини тўлиқ қайта саноқдан ўтказиш лозимлиги билан изоҳлаган.

Ал-Шаръа мамлакатнинг янги конституциясини тайёрлаш ва қабул қилш уч йилгача вақт олиши мумкинлиги, янги ҳукуматнинг давлат институтлари фаолиятини сезиларли даражада яхшилаш учун тахминан бир йил керак бўлишини ҳам айтган.

Ал-Шаръанинг сўзларига кўра, унинг бошчилигидаги гуруҳ яқин вақтлар ичида ўтказиладиган Миллий мулоқот конференциясида «тарқатиб юборилади», конференцияда Сурия жамиятидаги турли секциялар билан мулоқот бошланиши кўзда тутилган. Гуруҳ етакчиси бу айнан нимани англатиши ва гуруҳни тарқатиш жараёни қандай кечишига аниқлик киритмаган.

ҲТШ муқаддам жаҳоннинг кўп мамлакатлари террорчилик ташкилотлари сифатида эълон қилган ИШИД ва «Ал-Қоида» билан алоқадор бўлган. Аммо кейинроқ ал-Шаръа раҳбарлигидаги қуролли ҳаракат улар билан алоқаларни узганини, мамлакатдаги диний ва этник озчиликлар ҳуқуқларини таъминлаши ҳамда мўътадил мафкурага риоя этишини эълон қилган.

BBC’нинг Яқин Шарқдаги шарҳловчиси хабар беришича, Суриядаги конференцияга келиш учун турли сиёсатчилар ҳамда мамлакатдаги турли жамоалар ҳамда фуқаролик жамиятлари вакиллари, жумладан, аёллар ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи фаолларга ҳам таклифномалар юборилган.

Конференция Суриянинг янги ҳукумати ҳақиқатан ҳам мамлакатни бирлаштириш бўйича ўз ваъдаларини бажариш ниятида эканини текшириш учун биринчи имконият бўлади.

ҲТШ Суриядаги янги ўтиш ҳукуматини фақат ўз вакилларидан тузган, шу туфайли айримлар кабинетдан бошқа фракциялар вакиллари ўрин олмагани туфайли танқидий фикрлар билдирган. Бу танқидларга жавобан ал-Шаръа ҳукуматнинг фақат асосий аъзоларини тайинлагани ҳамда кимнидир дискриминация қилмоқчи эмаслигини айтган.

Сурия аҳолиси кўплаб этник ва диний гуруҳлардан таркиб топган, жумладан, курдлар, арманлар, оссурияликлар, христианлар, друзлар, шиа алавийлар ва сунний араблар. Рўйхатдаги охиргиси мамлакатдаги кўпчиликни ташкил этади.

Al Arabiya учун интервюда ал-Шаръа мамлакат шимолидаги курдлар ҳам Сурия миллий армиясининг бир қисми бўлишига ваъда берган.

У ўтиш даври маъмурияти АҚШ томонидан қўллаб-қувватланаётган ва курдлардан иборат Сурия демократик кучлари (SDF) билан мамлакат шимоли-шарқидаги инқирозни ҳал қилиш бўйича музокаралар олиб бораётганини тасдиқлади. Натижада SDF миллий қуролли кучлар таркибига қўшилиши керак. У курдлар Сурия тузилмасининг ажралмас қисми эканини тасдиқлаб, бўлиниш бўйича ҳар қандай режаларни рад этди.

«Сурия бўлиниб кетмайди. Қурол фақат давлатнинг қўлида бўлиши лозим. Биз қуролланган ва ҳарбий малакага эга бўлган ҳар қандай кишини мудофаа вазирлигига қўшилиш учун кутиб қоламиз», — деган у.

Сурияда минглаб одамларни ўлимга ҳукм қилган судя ҳибсга олинди

Бу вақтда, офиси Британияда жойлашган Сурияда инсон ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш маркази (SOHR) Суриянинг янги ҳукумати собиқ ҳарбий судя Муҳаммад Канжо Ҳасанни ҳибсга олгани ҳақида хабар берди, у президент Башар Асад тузуми остидаги машҳур Седная қамоқхонасидаги маҳбусларга ўлим ҳукмини чиқарган.

Муҳаммад Канжо Ҳасан ўз атрофидаги 20 киши билан бирга Асад кланининг таянч нуқтаси ҳисобланган Тартус вилоятида қўлга олинган. SOHR маълумотларига кўра, Канжо Ҳасан Седная қамоқхонаси маҳбусларига минглаб ҳукмларни, жумладан ўлим жазосини ҳам чиқарган.

Седная қамоқхонасидаги маҳбуслар ва бедарак йўқолганлар уюшмаси (ADMSP) ҳаммуассиси Диаб Серриянинг айтишича, Муҳаммад Канжо Ҳасан 2011 йилдан 2014 йилгача, Суриядаги фуқаролар урушининг дастлабки уч йилида Сурия ҳарбий дала судини бошқарган. Кейинчалик у бутун Сурия бўйича ҳарбий адлия бошлиғи лавозимига кўтарилди. Серриянинг таъкидлашича, Канжо Ҳассан «минглаб одамларни» ўлимга ҳукм қилган, кўпинча «судлар бир неча дақиқа давом этган».

Сўнгги ҳафта давомида Сурияда Асад режими билан яқин алоқаларда бўлгани гумонланган 300 киши ҳибсга олингани ҳақида хабар берди.

Қўлга олинганлар орасида чақув ёзиб берадиганлар, ҳукумат таъсиридаги қуролли тузилмалар жангчилари ҳамда собиқ ҳарбий хизматчилар борлиги айтилган. SOHR маълумотига кўра, бу ҳибслар «маҳаллий аҳоли кўмагида» амалга оширилган.

Мавзуга оид