Ер аҳолиси бир йил ичида қарийб 82 млн кишига кўпайди
2025 йилнинг дастлабки кунида дунё аҳолиси 8 млрд 156 млн кишига етади. Ўтган бир йил ичида Ер аҳолиси салкам 82 млн кишига кўпайди.
Германия Дунё аҳолиси жамғармасининг (DSW) қайд этишича, аҳолининг ўсиши биринчи навбатда Африкада кузатилган. Экспертларнинг ҳисоблашича, яқин 20 йил ичида ушбу қитъада яшовчи аҳоли сони икки баробардан ошиққа кўпайиши мумкин.
DSW’нинг ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йил 1 январ куни дунёда 8 миллиард 156 миллион киши яшаётган бўлади. Шу билан бирга, Германия аҳолиси деярли ўзгармаган ва ҳозирда салкам 84 миллион кишини ташкил этмоқда.
БМТнинг маълум қилишича, 2037 йилга бориб сайёрадаги аҳоли сони 9 миллиардга етади.
Ер аҳолиси 2022 йил ноябрда 8 миллиардга етган эди. 8 миллиардлик кўрсаткичга етишда асосий ўсиш Осиё ҳисобига тўғри келган, шу билан бирга, Ҳиндистон мазкур ўсишга «катта ҳисса қўшган».
Маълумот учун, 2024 йил декабрига келиб Марказий Осиё аҳолиси 80 миллион кишидан ошган. Сўнгги 24 йил ичида ҳудудда аҳоли сони қарийб 1,5 баробар кўпайган.