Жаҳон | 16:49 / 31.12.2024
2325
2 дақиқада ўқилади

Германия келажагини ижтимоий тармоқлар эгалари ҳал қилмайди — Шолц

Олаф Шолц Илон Маскни «Германия учун алтернатива» (AfD) партиясини қўллаб-қувватлагани учун танқид қилди.

Фото: AFP

Германия келажагини ижтимоий тармоқлар эгалари эмас, фуқаролари белгилайди. Бу ҳақда Германия федерал канцлери Олаф Шолц ўзининг анъанавий Янги йил нутқида айтиб ўтди.

Шолц аниқ исмларни айтмаган ҳолда, Х ижтимоий тармоғи эгаси Илон Маскни танқид қилди, у аввалроқ «Германия учун алтернатива» (AfD) ўта ўнгчи партияни қўллаб-қувватлаб, фақат шу партия мамлакатни қутқара олишини айтган эди.

Шолц Германия келажагини унинг фуқаролари белгилашини таъкидлади. «Ижтимоий тармоқлар эгалари буни ҳал қилмайди», деди у, афтидан, Илон Маскка ишора қилиб.

«Муҳокама чоғида баъзида фикр қанчалик радикал бўлса, унга шунчалик эътибор қаратилади, деган таассурот пайдо бўлиши мумкин. Аммо Германияда вазият қандай бўлишини баланд овозда қичқирадиган эмас, балки ақл-идрок ва одобли одамларнинг катта қисми белгилайди», деди канцлер.

Сиёсатчининг қайд этишича, бу 23 февралда бўлиб ўтадиган федерал сайловларга ҳам тегишли. Шолц фуқароларни сайловда фаол иштирок этишга чақирди.

«Германияда мураккаб давр. Иқтисодиёт қийинчиликларни бошдан кечирмоқда. Ҳаёт қимматлашди», деди Шолц.

Германия ҳукумати раҳбари, шунингдек, Берлин Украинага ёрдам беришда давом этишига ишонтирди.

Шолц сўзларига кўра, кўпчилик Украинадаги можарони тобора ортиб бораётган хавотир ҳисси билан кузатмоқда. «Сизни ишонтириб айтаманки, биз Украинани ёлғиз қолдирмаймиз ва уни қўллаб-қувватлашда давом этамиз ва бу билан уруш авж олиб кетмаслиги учун хотиржамликни сақлаймиз», деб қўшимча қилди у.

Мавзуга оид