Жаҳон | 13:25 / 31.12.2024
2263
3 дақиқада ўқилади

Украина ва РФ асирлар алмашинуви бўйича турли хил маълумот берди

Украина ва Россия ўртасида ҳарбий асирлар алмашинуви бўлиб ўтди. Киев маълумотларига кўра, 189 нафар украиналик ўз ватанларига қайтган, улардан икки нафари тинч аҳоли вакилларидир. Айни пайтда, Россия Мудофаа вазирлиги алмашинув «150 га 150» формуласи бўйича амалга оширилганлигини даъво қилмоқда.

Фото: Zelenskiy_official/Telegram

Украина ва Россия 30 декабр, душанба куни навбатдаги асирлар алмашинувини ўтказди. Шу билан бирга, ҳар икки томон ўз ватанига қайтганлар сони бўйича турли маълумотларни тақдим этди. Шундай қилиб, Украина президенти Володимир Зеленский Telegramʼда 189 нафар украиналикни ватанига қайтаришга муваффақ бўлганини ёзди: «Булар фронтнинг турли йўналишларидан келган ҳарбийлар – «Азовстал» ва Мариупол, Чернобил АЭС, Змеинний ороли ҳимоячилари. Улар орасида аскарлар, сержантлар, офицерлар, миллий гвардиячилар, шу жумладан «азовчилар», чегарачилар, денгиз флоти ва қуролли кучлар аскарлари, шунингдек, Мариуполда асирга олинган икки тинч фуқаро бор».

Зеленский алмашинув доирасида қанча россиялик ҳарбий хизматчи қайтарилганини ёзмади.

Ҳарбий асирлар бўйича Украина мувофиқлаштириш штабининг аниқлик киритишича, 2024 йилдаги 11-алмашинув натижасида 173 оддий аскар ва сержант ва 14 офицер Россия асирлигидан озод қилинган, шу жумладан Украина Қуролли кучларининг 87 нафар ҳарбий хизматчиси (17 ҳарбий мудофаа ходимлари), 43 — Украина Миллий гвардияси, 33 — Давлат чегара хизмати ва 24 — денгиз флоти, шунингдек, икки фуқаро. «Кўплаб Украина фуқаролари икки ярим йилдан ортиқ вақтдан бери Россия асирлигида бўлган. Ҳимоячиларда ўткир сурункали касалликлар, мина портлаши оқибатидаги жиддий жароҳатлар бор», — дейилади штаб хабарида.

Айни пайтда, Россия Мудофаа вазирлиги хабарида айтилишича, алмашинув «150 га 150» форматида амалга оширилган: 150 нафар россиялик ҳарбий хизматчи ўрнига Украина Қуролли кучларининг 150 ҳарбийси Украина томонига ўтказилди. Россия ҳарбийлари озод этилган украиналиклар орасида тинч аҳоли вакиллари бор-йўқлиги ҳақида маълумот бермаяпти.

Россия Мудофаа вазирлиги хабарида айтилишича, ҳозирда барча озод этилган россияликлар Беларусда, алмашинув Бирлашган Араб Амирликлари воситачилигида амалга оширилган.

Россия ва Украина ҳалок бўлган ҳарбийлар жасадини алмашди

Россия ва Украина яна ҳалок бўлган ҳарбийларнинг жасадларини алмашди. Бу ҳақда 20 декабр куни Украина ҳарбий асирлар билан ишлаш бўйича мувофиқлаштирувчи штаби ва Россия Давлат думаси депутати Шамсаил Саралиев маълум қилди.

Украина томони хабаридан маълум бўлишича, Россия Федерацияси Киевга 503 аскарнинг жасадини топширган: улардан 403 нафари Донецк йўналишида, 57 нафари Запорижжя йўналишида, 12 нафари Луҳанск йўналишида ҳалок бўлган. Яна 31 нафар жасад Россиядаги ўликхоналардан олиб келинди.

Москва, ўз навбатида, 42 жасадни қабул қилди. Россия ҳарбий мухбири Александр Коцнинг сўзларига кўра, алмашинув Беларуснинг Гомел вилоятидаги Украина билан чегарада бўлиб ўтган.

Мавзуга оид