Жаҳон | 21:18 / 03.01.2025
5423
2 дақиқада ўқилади

Германия ва Франция ТИВ раҳбарлари Сурияга борди

Анналена Бербок ҳамда Жан-Ноэл Барро Асад режими қулаганидан кейин Дамашққа ташриф буюрган Европа ташқи сиёсий идораларининг илк раҳбарлари бўлди. Улар Европа Иттифоқи номидан Суриянинг янги раҳбари билан музокаралар ўтказади.

Фото: photothek.de

Германия ва Франция ташқи ишлар вазирлари Анналена Бербок ҳамда Жан-Ноэл Барро Сурияга ташриф буюрди. Улар Европа Иттифоқи номидан мамлакатнинг янги раҳбари Аҳмад ал-Шаръа, шунингдек, Сурия фуқаролик жамияти вакиллари билан музокаралар ўтказади.

Бербокнинг баёнотида айтилишича, Германия Сурия халқига ҳокимиятни тинч йўл билан топширишда ёрдам бермоқчи, аммо таъкидланишича, ўзгаришлар фақат янги Сурия жамияти сиёсий жараёнларда этник ёки диний гуруҳидан қатъий назар барчага ўрин таклиф қилса, шунингдек, уларнинг ҳуқуқлари ва ҳимоясини кафолатласа амалга ошиши мумкин.

Шунингдек, Бербок «Россия Суриядаги ҳарбий базаларини тарк этиши лозимлиги, Асад режимини узоқ вақт давомида қўллаган ва унинг ҳарбий жиноятларига кўз юмган шахс айнан Владимир Путин ҳисобланиши»ни қайд этди.

Бербок ва Барро Башар Асад режими қулаганидан кейин Дамашққа келган Европа ташқи сиёсий идораларининг илк раҳбарлари бўлди.

8 декабрь куни Сурия президенти Башар Асад ҳукуматига қарши исёнчилар Дамашққа кириб ҳокимиятни қўлга олди. Асад ҳамда унинг оиласи ҳокимият қўлдан бой берилганидан кейин Москвага қочиб кетди. Bloombergʼнинг ёзишича, Асаднинг қочишини Россия разведкаси ходимлари ташкиллаштирган. Россия давлат ОАВ Башар Асад ўз оила аъзолари билан Москвага етиб келгани, унга бошпана берилгани ҳақида хабар берди. Кўп ўтмай РФ президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков мазкур маълумотларни тасдиқлади.

Башар Асад режими қулаганидан бир кун ўтиб Европа давлатлари ҳукуматлари суриялик қочқинларга бошпана тақдим этиш тўғрисидаги аризаларни оммавий равишда кўриб чиқишни тўхтатди.

Мавзуга оид