«Трамп ҳал қилиши мумкин». Зеленский 2025 йилдан умидлари ва иккинчи муддати эҳтимоли ҳақида гапирди
2025 йилдаги биринчи интервюсида Володимир Зеленский АҚШ президентлигига қайтган Доналд Трамп Россия билан урушни тўхтата олишига умид билдирди. У шунингдек, Курск областидаги амалиётнинг аҳамияти, Украина учун хавфсизлик кафолатлари ҳамда Украина президентлиги сайловлари ҳақидаги фикрларини билдирган.
Трамп ва урушни якунлаш истиқболлари
Украина телемарафони эфирида намойиш этилган интервюда журналистлар Зеленскийдан Трампга таъриф бериш ва Американинг янги сайланган президенти унда қандай таассурот қолдирганини айтиб беришни сўрашган.
«Трамп ҳал қилувчи бўлиши мумкин. Биз учун бу энг асосийси», — дея жавоб қайтарган Зеленский. «У, унинг хислатлари, улар шундай. У бу урушда ҳал қилувчи бўлишга қодир. У чиндан ҳам Путинни тўхтата олади, тўғрисини айтганда — бизга Путинни тўхтатишда ёрдам бера олади. Бу унинг қўлидан келади».
Зеленский Трамп билан бир неча бор яккама-якка ва телефон орқали мулоқот қилганини эслаган.
«У кучли ва ҳаракатларини олдиндан айтиб бўлмайдиган одам. Мен Трампнинг бундай хислати биринчи галда Россия учун бўлишини истардим. Мен у чиндан ҳам урушни якунлашни истайди деб ҳисоблайман».
Зеленскийнинг фикрича, Трамп «туғма ғолиб», унинг 2024 йил ноябрида президентлик сайловидаги ғалабаси ишончли бўлган, бунга ҳеч кимда шубҳа уйғонмаган ва «Украинага ҳам Россия тажовузи устидан айнан шундай ғалаба керак».
Зеленский ҳозирча унда Трамп билан сўзлашувлар вақтида «бирорта салбий ҳолат бўлмагани»ни қўшимча қилган.
Унинг сўзларига кўра, Украина ва Америка президентлари жамоалари «мунтазам алоқада» ва ҳозирда асосийси — «бу муносабатларни қуришдир». «Мен ўйлайманки, Путин ундан қўрқади, шунинг учун Кремлдаги айрим овозлар АҚШ маъмуриятигача етиб бориши учун қадамлар ташламоқда», — деган Зеленский.
Трамп Украинадаги урушни бир кун мобайнида ҳал қилишга ваъда берган, аммо бунга айнан қандай йўл билан эришмоқчи эканига аниқлик киритмаган.
Трампнинг танқидчилари у ҳарбий ёрдамни тўхтатиб қўйиш таҳдиди билан Украинани ноқулай шартларда (можарони музлатиш ёки ҳудудларидан воз кечиш эвазига) тинчлик битими тузишга мажбурлаши мумкинлигидан хавотир билдирган.
Аммо Трамп ва Зеленскийнинг Ню Йоркда ўтказилган охирги учрашувидан кейин украинлар етакчиси ўша вақтда Оқ уй раҳбарлигига номзод бўлган сиёсатчи унинг далилларига эътироз билдирмаганини айтганди.
Уруш қачон якунланиши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавобан Украина президенти бу бир кунда рўй бермаслигини билдирган.
«Аммо агар Трамп ўз позициясида кучли бўлса ва бу позиция европалик ҳамкасбларнинг позицияси билан мос келадиган бўлса, урушнинг қайноқ фазасини чиндан ҳам етарлича тез фурсатда якунлаш мумкин», — дейди Зеленский.
Трампнинг инаугурация маросими 20 январга белгиланган ва Зеленскийнинг сўзларига кўра, сайланган президент унга тез орада АҚШга ташриф билан келишини кутаётганини айтган. «Шунинг учун, мен ўйлайманки, бизда инаугурациядан кейин учрашув бўлади ва биз режани билган ҳолда ишлашни бошлаймиз».
Зеленский Трамп Россия томони билан ҳам алоқага чиқишини — «ким нимага тайёрлигини ўрганиши»ни таъкидлаган. Бу Трампнинг инаугурациясидан кейинги биринчи босқич бўлади, «кейин эса шундан келиб чиққан ҳолда кейинги қадамларни босамиз», дея изоҳлаган Украина президенти.
Бу жараённинг натижаси урушнинг қайноқ фазалари тўхташи бўлиши мумкин, дейди Зеленский. «Бу барчаси якунланишини англатмайди, аммо бу ҳаёт, жамият тикланиши учун муҳим қадамдир, — деган у. — Биз ҳеч нарсани бой беришни истамаймиз, аммо ҳозир бу қандай бўлишини айта олмайман, чунки кўп нарса ҳамкорларимизга боғлиқ».
Курск амалиёти нима учун керак бўлгани ҳақида
Зеленский Украина қуролли кучларининг Курск областидаги амалиётини «барча музокаралардаги кучли кузир» деб атади. «Айниқса, биз учун жуда муҳим давлатлар билан. Айниқса, Глобал жануб мамлакатлари билан музокараларда. Мен ҳеч қачон бу катта таъсирга эга бўлади деб ўйламасдим. Аммо бу кучли таъсир кўрсатди».
Зеленскийнинг сўзларига кўра, бу давлатлар Россия армиясини енгиб бўлмайди деб ҳисоблашган, шунинг учун Украина Курск областининг бир қисмини эгаллаб олгани ҳамда бу ҳудудларни ўз қўлида сақлаб қолаётгани, россияликлар эса бу ерда ўз контингентини ошираётганига қарамай, «ҳеч нарса қила олмаётгани» факти уларда катта таассурот уйғотган.
«Улар бир-икки ойдан кейин Сумини оккупация қилишларини айтишади, биз эса у ердамиз [Курск областида пайдо бўламиз. — Таҳр.]» «Ҳатто улар шимолий кореяликлар контингентини олиб келгани омили бизга иш берди. Уларни қаерга юборишди? Айнан у ерга [Курск областига. — Таҳр.]. Ўйлайманки, бу уларнинг тактик хатоси эди. Уларга кўпроқ хато қилишни тилайман».
Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украина қуролли кучларининг Курск областидаги амалиётига қадар «ҳатто Европада украинлар тараф бўлмаган овозлар босиб кета бошлаган ва Украина ютқазаётгани ҳақида баландроқ гапира бошлашган». «Путинни, у бутун Украинани оккупация қилмаслигига кўндириш керак [дейишди] ва шунда Курск амалиёти барчасининг оёғини осмондан қилиб юборди».
2023 йил ёзида Украина қуролли кучлари Курск областининг бир неча районларини босиб олганди, аммо ўтган вақт ичида улар Россия ҳудудидаги плацдармининг катта қисмини бой берди.
Айрим ҳарбий таҳлилчилар Киевнинг Курск областига бостириб кириш қарорини танқид қилишади, чунки у ерга Украина қуролли кучларининг Донецк областидаги энг қайноқ нуқталарда қўл келиши мумкин бўлган энг жанговар бригадалари юборилганди, Донбассда эса украинлар охирги ойлар давомида фақат чекинишга мажбур бўлмоқда.
Сайловлар ва Зеленскийнинг иккинчи муддати
Ўз интервюсида Зеленский Украинада урушнинг қайноқ босқичи тугагач, чиндан ҳам сайловлар ўтказилиши керакми, деган саволга ҳам жавоб қайтарди.
«2025 йилда, агар биз урушнинг қайноқ босқичини Украинанинг кучли позициясида туриб якунлай олсак, бизда кучли армия, қуролларнинг катта пакети, кафолатлар қолади, шундан кейин амалда Украинада ҳарбий ҳолатни бекор қилиш ҳақида ўйлашимиз мумкин бўлади, ундан кейин эса … [сайловлар бўлиши мумкин — Таҳр.],» — дея жавоб берган Зеленский.
Президентнинг сўзларига кўра, иккинчи муддат учун номзодини қўйиш борасидаги қарор уруш қандай якунланишига боғлиқ бўлади.
«Мен учун бу бугунги куннинг асосий мавзуси эмас. Бу бугунги куннинг мақсади эмас. Мен бу уруш қандай тугашини билмайман. Агар мен қўлимдан келадиганидан кўпроқ иш қилсам — унда бунга нисбатан ижобийроқ қараш мумкин. Аммо мен учун бу ҳозирда асосий масала эмас. Бугуннинг мақсади ҳисобланмайди», — деган у.
2019 йилги президентлик сайловлари чоғида Зеленский фақат бир муддатга номзодини қўйишига аниқ қилиб ваъда берганди (бу унинг дастурида қайд этилган).
Елена Зеленская журналистларга турмуш ўртоғининг танловини қўллаши, «бу қарор оилада маъқулланиши ёки йўқлиги» — «иккинчи масала» саналишини айтган.
«Менимча, иккинчи муддат биринчиси каби қўрқинчли эмас. Шунинг учун, албатта, мен бутун умрим давомида бундай ҳиссий ҳолатда яшашни хоҳламайман — бу машаққатли давр, энг қийин давр. Ва албатта, энг қўрқинчли давр, уруш бошланганида бўлганди», — дейди у.
«Бу томондан, мен шундай ўйлайман: агар сайловлар бошланса, бу шуни англатадики, уруш, умуман олганда, қайноқ фаза якунланган ва шунинг ўзи ижобий белги… Ва унда мен исталган танловни қўллаб-қувватлайман», — дея қўшимча қилган мамлакатнинг биринчи ледиси.
Аввалроқ Елена Зеленская турмуш ўртоғи иккинчи муддатга номзодини қўйишини унча маъқулламаслигини айтганди.
Мавзуга оид
20:26 / 05.01.2025
WP: Украинада ўтган йили 200 мингга яқин одам урушга сафарбар қилинди
23:55 / 04.01.2025
Геосиёсий ҳафта таҳлили: газ транзитини тўхтатган Украина, Россиядан норози Озарбойжон ва танлов қаршисидаги Сурия
23:15 / 04.01.2025
Трамп сайловдаги ғалабасидан кейин донорлардан қарийб 200 млн доллар тўплади
17:13 / 04.01.2025