Жаҳон | 14:01 / 04.01.2025
2968
8 дақиқада ўқилади

Исроилнинг Ғазога авиазарбаси, Сурияга ташриф буюрган европалик вазирлар ва Анталянинг рекорди — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

 

Ғазодаги вазият

Исроил самолётлари 24 соат ичида Ғазо секторига 34 марта ҳаво зарбалари берган. Ҳужумлар асосан фуқаролик объектлари ва инфратузилмага қаратилган.

Шундан бири «ҳуманитар хавфсизлик ҳудуди» деб эълон қилинган «Ал-Мавасий» қочқинлар лагерига берилган зарба бўлди. «Нусайрат» ва «Ал-Мавасий» қочқинлар лагерларига авиазарбалар натижасида 13 киши, жумладан, 7, 11 ва 13 ёшли уч ака-ука ҳалок бўлган.

Гувоҳларнинг айтишича, Исроил жанговар самолётлари қочқинлар лагерларидаги иккита уйга зарба бериб, катта вайронагарчилик ва моддий зарарга сабаб бўлган. Шунингдек, қутқарувчилар вайроналар остида қолган бедарак йўқолганларни қидириш ишларини давом эттирмоқда.

Дайр-ул-Балаҳ шаҳрининг марказий қисмидаги бинога берилган зарба оқибатида 8 фаластинлик ҳалок бўлди. Улар орасида инсонпарварлик ташкилотлари ходимлари ҳам борлиги айтилмоқда. Ҳалок бўлганларнинг жасадлари ҳужум яқинидаги йўлда топилган.

Маҳаллий ҳокимият ва тиббий манбаларнинг таъкидлашича, бу ҳужумлар Ғазо секторидаги аҳолига нисбатан қирғиннинг давоми бўлиб, асосан тинч аҳоли нишон қилинмоқда.

Исроилнинг Ғазо секторига ҳужумлари қурбонлари сони 45 минг 658 нафарга етди. 2025 йил бошидан буён Исроил армиясининг Ғазо секторидаги ҳаво ҳужумлари 71 фаластинликнинг ҳаётига зомин бўлди, 145 киши яраланди.

 

Ҳусийчиларнинг Исроил объектларига ҳужуми

Ҳусийчилар бир ҳафта ичида АҚШ ва Исроил объектларига 22 та ҳужум уюштирди, деб хабар берди Абдулмалик ал-Ҳусий Al Masirah телеканалида. Ҳужумларда баллистик ракеталар ва дронлар қўлланган.

Ал-Ҳусийнинг маълум қилишича, ҳужумлар мақсадлари орасида Исроилнинг Тел-Авив, Қуддус шаҳарлари, Бен-Гурион аэропорти, Неватим авиабазаси ва электр станцияси бор. Шунингдек, АҚШнинг USS Harry S. Truman авиаташувчи кемасига 11 та ракета ва дрон билан зарба берилгани айтилган.

Ҳусийчилар етакчиси маълумотига кўра, 2024 йил давомида АҚШ ва Буюк Британия Яман ҳудудига 931 та зарба берган. Бу ҳужумлар 106 кишининг ҳалок бўлишига ва 314 нафарининг яраланишига сабаб бўлган.

 

Европа вазирларининг Сурияга ташрифи

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок ва Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэл Барро Сурияга расмий ташриф билан боришди. Улар Европа Иттифоқи номидан мамлакатнинг янги раҳбари Аҳмад ал-Шаръа ҳамда фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашди.

Бербок ўз баёнотида Германия Сурияга ҳокимиятни тинч йўл билан топшириш жараёнида ёрдам беришини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, фақат барча этник ва диний гуруҳларнинг ҳуқуқлари кафолатланганда ўзгаришлар амалга ошиши мумкин. Шунингдек, Бербок Россиянинг Суриядан ҳарбий базаларини олиб чиқиши лозимлигини қайд этди.

Ушбу ташриф Асад режими қулаганидан кейин Европа ташқи ишлар идоралари раҳбарлари томонидан Дамашққа уюштирилган илк ташриф бўлди.

 

Украиналиклар уруш якунлари ҳақида

2024 йил охирида Украинанинг Россияга ҳудудий ён беришга тайёр фуқаролари сони кескин ошди. Киев халқаро социология институтининг (КХСИ) маълумотларига кўра, 2023 йил феврал ойида ушбу кўрсаткич 26 фоизни ташкил қилган бўлса, декабрга келиб 38 фоизга етган.

Тадқиқот маълумотларига кўра, октябрь ва декабр ойлари оралиғида ҳудудий имтиёзларга рози бўлганлар сони 6 фоизга ошган. Шунга қарамай, украиналикларнинг 51 фоизи ҳар қандай ҳудудий ён беришларга қарши эканини таъкидлаган. Аммо октябр ойида бу кўрсаткич 7 фоизга юқори бўлган.

Сўров натижаларига кўра, оптимистик кайфиятдаги фуқароларнинг 60 фоизи ҳудудларни беришга қарши чиқмоқда, пессимистик фуқароларнинг эса 59 фоизи бундай ён беришни маъқуллашган. Барча минтақаларда ҳудудий ён беришларга қарши бўлганлар кўпчиликни ташкил қилмоқда.

КХСИ сўрови 2–17 декабрь кунлари ўтказилган бўлиб, унда 18 ёшдан катта бўлган 2 минг киши қатнашган.

 

Европада газ нархи ошди

Украина орқали Россия газининг транзити тўхтатилиши ортидан Европада газ нархи кескин ошди. Bloomberg агентлигининг ёзишича, биринчи савдо ҳафтаси якунлари бўйича газ нархи 5 фоизга ошиб, 1 MWh учун 50,27 еврога етди (бу минг метр куб учун тахминан 540 АҚШ доллари дегани). Бу нарх 2023 йил октябридан буён энг юқори кўрсаткичдир.

Газ нархи ошишига нафақат транзит тўхтатилиши, балки Норвегиядан етказиб беришдаги муаммолар ҳам таъсир қилди. Ҳаммерфестдаги СТГ заводида компрессор ишдан чиқиши сабабли экспорт 9 январгача тўхтатилди. Шунингдек, Европада совуқ об-ҳаво омборларнинг тезроқ бўшашишига сабаб бўлди. Bloomberg маълумотларига кўра, ҳозир газ захиралари 72 фоизгача тўлган, 2024 йилда эса бу кўрсаткич 86 фоизни ташкил қилганди.

Европа Комиссияси таъкидлашича, ҳозирча газ таъминоти хавфсизлиги билан боғлиқ муаммолар йўқ. Газ Германия ва Италияга муқобил йўналишлар орқали етказилмоқда. Бироқ мутахассислар қиш мавсумининг қийин кечиши сабаб келгуси иситиш мавсуми учун захира тўплаш мураккаб бўлиши мумкинлигини айтишмоқда.

 

Корея президенти ҳибсга олинмади

Жанубий Кореяда Юн Сок Ёлни ҳибсга олиш уриниши ҳарбийлар қаршилиги туфайли муваффақиятсиз якунланди. Yonhap агентлигининг хабар беришича, президент резиденцияси олдида 5 соат давом этган тортишувлардан сўнг, терговчилар ордер ижросини тўхтатишга мажбур бўлди.

Суд-тергов органлари ҳибсга олиш жараёни хавфли тус олиши мумкинлигини эътироф этди. Шунингдек, улар президентнинг қонунга бўйсунмаганидан «жиддий афсус» билдириб, кейинги чора-тадбирлар режасини аниқлаштиришни ваъда қилди.

Тонг соат еттида терговчилар ва полиция президент қароргоҳига етиб борган, аммо улар 200 нафар президент хавфсизлиги ходимлари ва ҳарбийлар тўсиғига дуч келган.

Терговчилар икки марта тўсиқни ёриб ўтишга муваффақ бўлиб, миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Пак Жонг Жунга ордерни тақдим қилган, бироқ у «хавфсизлик қонунлари»га кўра тинтувга рухсат берилмаслигини айтган.

Президент тарафдорларидан мингга яқин одам ҳам қароргоҳ олдида йиғилиб, ордер ижросига тўсқинлик қилишган.

 

Гренландия Даниядан мустақил бўладими?

Гренландия бош вазири Муте Эгеде оролнинг Даниядан мустақил бўлишига интилиши зарурлигини таъкидлади. Унинг айтишича, «Дания билан ҳамкорлик тўлиқ тенгликка эришишга олиб келмаган».

Эгеде мустақилликка эришиш ҳақидаги қарор Гренландия халқи томонидан қабул қилиниши кераклигини айтди, бироқ овоз бериш жараёни қачон ўтказилиши ҳақида аниқлик киритмади.

Гренландия 1953 йилгача Дания мустамлакаси бўлган. Ҳозирда у ўзини ўзи бошқарувчи ҳудуд ҳисобланади ва 2009 йилда мустақиллик эълон қилиш ҳуқуқини қўлга киритган. 2023 йилда орол ҳукумати конституциянинг дастлабки лойиҳасини тақдим этганди.

2023 йилнинг декабрида АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп Гренландияни сотиб олиш истагини билдириб, оролнинг АҚШ миллий хавфсизлиги учун аҳамиятли эканини таъкидлаган. Эгеде эса «Биз сотмаймиз ва сотилмаймиз» деб жавоб қайтарган эди. Трампнинг гапларидан сўнг Дания мудофаа харажатларини сезиларли даражада оширишни эълон қилди.

 

Анталя сайёҳлик борасида рекорд

Туркиянинг Анталя шаҳри 2024 йилда ўз тарихидаги энг юқори кўрсаткичга эришиб, 17 млн 278 минг 103 сайёҳни қабул қилди. Бу ҳақда Туркия маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой хабар берди.

«Анталия дунё туризмининг энг муҳим марказларидан бири сифатида тарихий рекордга эришди. Меҳмонларнинг энг катта қисмини Россия, Германия ва Буюк Британиядан келганлар ташкил қилди. Шунингдек, илк бор чет элдан келган турк фуқаролари сони 1 млн кишидан ошди. Бу тарихий ютуқ шаҳримизнинг халқаро жозибадорлигини яна бир бор исботлади», — деди Эрсой.

Мавзуга оид