Фан-техника | 22:42 / 04.01.2025
1023
2 дақиқада ўқилади

SpaceX БААга тегишли сунъий йўлдошни орбитага учирди

Thuraya 4 сунъий йўлдоши Европа, Яқин Шарқ ва Африкада мобил алоқани тақдим этишга мўлжалланган.

Фото: SpaceX

SpaceX компанияси 3 январ куни Флоридадаги Канаверал бурнида жойлашган старт майдончасидан Thuraya 4 алоқа сунъий йўлдоши юкланган Falcon 9 ташувчи ракетасини орбитага учирди.

Thuraya 4 сунъий йўлдоши БААдаги Space42 компаниясига тегишли бўлиб, Европа, Яқин Шарқ ва Африкада мобил алоқани тақдим этишга мўлжалланган. У ҳам тижорат, ҳам давлат эҳтиёжларига хизмат қилади, юқори технологияли алоқа хизматларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтиради.

Миссия доирасида учирилган Falcon 9 нинг биринчи поғонаси 20-маротаба парвозни амалга ошириб, Ерга муваффақиятли қайтган — у Атлантика океанидаги A Shortfall of Gravitas номли платформага қўнган.

Парвоз бошланганидан 35 дақиқа ўтиб Thuraya 4 сунъий йўлдоши ракетанинг иккинчи поғонасидан ажралган ва геостационар узатиш орбитасига чиқарилган.

Thuraya 4 сунъий йўлдоши Airbus томонидан ишлаб чиқарилган. Унинг конструкциясида янги инновацион сервислардан фойдаланиш имкониятини тақдим этувчи сунъий интеллект технологиясидан фойдаланилган. Yahsat Space Services бош директори Али Ал Ҳошимининг сўзларига кўра, ушбу технологиялар фойдаланувчилар учун янги ечимларни яратишда муҳим қадам ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, Falcon 9 ташувчи ракетаси 31 декабр куни Starlink интернет қопламаси тизимининг глобал тармоғи учун яна 21 та сунъий йўлдошни орбитага муваффақиятли олиб чиққани тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга оид