Ўзбекистон | 11:23 / 05.01.2025
23920
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонликлар учун Германия визасини онлайн олиш имконияти пайдо бўлди

Германия бу имкониятни кўплаб давлатлар фуқаролари учун жорий қилган. Улар орасида Ўзбекистон ҳам бор.

2025 йил 1 январдан бошлаб Германия бутун дунё бўйлаб Консуллик хизматлари порталини ишга туширди. Шу тариқа кўплаб давлатларда Германияга визага онлайн ариза топшириш имконияти пайдо бўлди. Бу ҳақда Германия ТИВ хабар бермоқда.

Жумладан, Германиянинг дунё бўйлаб 167 та виза бўлими рақамли тизимга ўтади. Ушбу давлатлар қаторида Ўзбекистон ҳам бор. Хизмат 28 турдаги визаларга амал қилади.

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербокнинг айтишича, Германияга ҳар йили камида 400 минг нафар малакали ишчи керак бўлади.

Шу сабабли хориждан малакали ишчиларни жалб этишда замонавий ва рақамли хизмат кўрсатадиган Консуллик хизматлари портали ишга туширилган.

“Бу жараён узоқ вақт давом этадиган қоғозбозликни бартараф этиб, Германияни ишчи кучи ва талабалар учун янада жозибадор қилади”, деган Анналена Бербок.

1 январдан бошлаб Германияда ишлаш ёки ўқиш истагида бўлган Ўзбекистон фуқаролари ҳам Консуллик хизматлари портали ёрдамида виза олиш учун онлайн тарзда мурожаат қилиши мумкин. Энди ариза топширишда почта орқали ҳужжат юборишга ҳожат қолмайди.

Мавзуга оид