Дунёдаги энг чиройли музликлар йилдан йилга камайиб бормоқда (фото)
Музликлар ўзи нега керак? Нима сабабдан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2025 йилни “Халқаро музликларни сақлаб қолиш йили” деб эълон қилди?
Ерда (ҳозирча) музликлар жуда кўп. Улар қуруқликнинг тахминан 10 фоизини, океанларнинг эса 7 фоизини қоплайди. Инсоният туфайли музликлар эриб боряпти, бу бутун сайёрага таъсир қилади. Биринчидан, жаҳон океанидаги сув сатҳи кўтарилмоқда — бу эса тез-тез содир бўладиган тошқинлар, довуллар ва бутун бошли мамлакатларнинг сув остида қолишига олиб келиши мумкин. Иккинчидан, музнинг эриши ва бу жараёнда сувнинг буғланиши Ерда ҳаво ҳароратини оширади, бу эса иқлим инқирозини кучайтиради. Бундан ташқари, муз ва қор 90 фоизгача қуёш нурларини қайтаради — бундай ҳимоя қатлами бўлмаса, сайёра ҳам тезроқ қизийди.
Қолаверса, муз эриши бутун бошли экотизимларни ўзгартиради: ҳатто оқ айиқ ҳам йўқолиб кетиши мумкин. Музликлар чучук сувнинг жуда катта захираларидир, шунинг учун уларнинг эриши сув танқислигини келтириб чиқаради. Айнан шу сабабдан Бирлашган Миллатлар ташкилоти 2025 йилни “Халқаро музликларни сақлаб қолиш йили” деб эълон қилди.
Meduza нашри ғоят гўзал, аммо йилдан йилга камайиб бораётган музликлар суратларини жамлади. Тасвирлар 2024 йилда олинган.
Антарктика
Антарктика музликларида Ер юзидаги барча чучук сувларнинг 61 фоизи йиғилган. Бироқ 2023 йилда денгиз музликлари майдони сунъий йўлдош кузатувлари бошланган 1979 йилдан бери энг паст кўрсаткичга тушди. Денгиз музликларининг майдони Буюк Британия, Франция, Германия ва Испания давлатларининг умумий майдонига тенг келадиган ҳудудга қисқарди.
Муз эриши туфайли император пингвинлари қаттиқ азоб чекмоқда. Уларга ин қуриш учун йил давомида тўққиз ой барқарор денгиз музи керак. Агар муз жуда эрта эриб кетса, етарлича кучга кирмаган пингвин полапонлари шунчаки чўкиб кетади: уларнинг патлари ҳали сувни итариб чиқишга қодир эмас. Муз етишмаслиги сабабли Антарктикадаги император пингвинларининг ҳар бешинчи колонияси зарар кўришни бошлаган.
Аммо баъзида пингвин колониялари қийинчиликларга мослашади ҳам: айрим пингвинлар барқарор муз излаб кетса, бошқалари айсбергларда кўпайишни бошлайди.
“Энг кўп зарар кўрган колонияларда бу ўзгаришларни кўришимиз қушларнинг атроф-муҳит ўзгаришига мослашиши ва янада барқарор муз излаб кўчишига умид уйғотади”, — дейди Британия Антарктика хизмати ходими ва пингвинлар бўйича тадқиқот муаллифи Питер Фретвелл.
Шунга қарамай, инсоният иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтирмаса, аср охирига келиб император пингвинлари популяцияси 99 фоизга қисқариши тахмин қилинмоқда.
Арктика
Арктикада муз бошқа жойларга қараганда тезроқ эрийди. 1979 йилда сунъий йўлдошдан тасвирга олиш бошланганидан бери Арктика музи ҳар ўн йилда 13 фоизни йўқотди.
Аср охирига келиб, у бутунлай йўқ бўлиб кетиши мумкин — айниқса ёз ойларида. Океанолог Ирина Репина огоҳлантиришича, бу жараён ҳатто ундан ҳам олдинроқ содир бўлиши мумкин. Арктикада бугун кузатилаётган ёзги муз майдонини иқлимшунослар 2050 йил учун прогноз қилишганди. Қиш пайтида Арктика муз билан қопланиб турса-да, бу фақат мавсумий бўлиб бормоқда. Ҳозирги кунда Арктикадаги денгиз музларининг ҳажми доимий равишда ўзгариб туради. 2021 йил декабр ойида у 13 300 куб километрни ташкил этганди. Арктиканинг йирик муз омборларидан бири Гренландия бўлиб, у ерда 2,8 миллион куб километр муз тўпланган.
Шпицберген
Материк Норвегия ва Шимолий қутб ўртасида жойлашган Шпицберген Ер юзидаги энг тез исийдиган ҳудудлардан бири. Унинг майдони ярмидан кўпи муз билан қопланган (бу Гренландия ва Антарктидадан ташқарида сайёрамиз музининг тахминан 6 фоизини ташкил қилади). 2024 йилнинг июл ойи охири ва август ойи бошида Шпицбергендаги ҳарорат Қутб доирасининг ушбу қисмига хос ўртача кўрсаткичдан тахминан 4 даража юқори бўлди. Бундай исиш бутун архипелаг бўйлаб қор ва музларнинг тез эришига олиб келди.
Қуйидаги суратлар Шпицберген архипелагидаги Арктика музликларининг сўнгги юз йил ичида шиддат билан эриб кетаётганини яққол кўрсатади. Машҳур швед фотографи Кристиан Аслунд Арктикага сафар қилиб, у ердан қайтгач, эътиборга молик фотосуратлар туркумини эълон қилди. У Норвегия қутб институти архивидаги тарихий суратларни қайта тиклаган ҳолда, музликлар қолдиқларини ҳужжатлаштирди.
“Ушбу туркумдаги фотосуратлар иқлим инқирози кучайган сари сайёрамиз қанчалик тез ўзгараётганини кўрсатади. Арктика - бизнинг иқлим қўриқчимиз, айнан шу ерда иқлим ва океан инқирозлари бирлашади ва айнан Арктикада бу муаммоларнинг оқибатлари аниқ кўринади ва ҳис қилинади”, — дейди у.
Арктиканинг исиши дунёнинг бошқа қисмларига қараганда икки баравар тезроқ содир бўлгани сабабли, музликлар ва денгиз музлари мисли кўрилмаган тезликда йўқ бўлиб кетмоқда.
Ёзда Арктикада денгиз музи ҳароратнинг кўтарилиши ва узлуксиз қуёш нури таъсирида эрийди. Бунда ҳосил бўлган сув юзада кўлмаклар шаклида тўпланиши мумкин. Бу кўлмаклар эриган ҳовузлар деб аталади. Бундай ҳовузлар қуёш нурини қайтаришига тўсқинлик қилади. Улар юқори албедоли денгиз музига нисбатан “қорароқ” бўлгани учун, ҳовузлар қуёш нурининг кўп қисмини ютади ёки унинг муздан ўтиб, пастдаги океанга киришига имкон беради. Оқибатда ҳарорат янада кўтарилиб, кўпроқ музлар эрийди.
Гренландия
Тоғлардаги музликлар
Музликлар чучук сув захирасидир, шунинг учун уларнинг йўқолиши сув танқислигини келтириб чиқаради.
“Тоғли ҳудудларда музликлар гидрологик режимни белгилаб, сув омбори вазифасини бажаради. Музликлардан эрийдиган сув қурғоқчилик мавсумида дарёлардаги сув танқислигини қоплайди”, — дейди гляциолог Станислав Кутузов.
Музликлар йўқолса, тақчилликни қоплаш имконсиз бўлиб қолади. Бу муаммо, айниқса, Боливиянинг Ла-Пас ҳудудида жиддий тус олган. У ерда сув таъминоти музликларнинг эришига боғлиқ, бироқ уларнинг майдони йилдан-йилга қисқариб бормоқда. Минтақа аҳолиси эса ўсишда давом этмоқда.
Тоғ музликларидан келган сувлар дарё ва кўлларни таъминлайди. Шу сабабли музликларнинг эриши экотизимларнинг ўзгаришига ва турларнинг йўқолиб кетишига олиб келади. Бундай ўзгаришлар бир неча ҳудудлардаги экотизимларга, айниқса Орол денгизи ҳавзасига, шунингдек Ўрта Осиёдаги йирик Балхаш ва Иссиқкўл кўлларига қаттиқ таъсир қилади. XXI аср охирига келиб, бу ҳудудларнинг тоғ музликларидан оладиган “озуқаси” учдан бирга камаяди.
Марказий Осиёнинг икки асосий дарё тизими — Сирдарё ва Амударё (Орол денгизига қуйилади) ҳамда Или дарёси (Балхаш кўлига қуйилади) минтақа учун муҳим аҳамиятга эга. Музликлар майдони қисқариши туфайли дарёларнинг озиқланиши аста-секин камаяди ва кўллар саёзлашади. Бу улардаги ўсимлик ва ҳайвонларнинг йўқ бўлиб кетишига олиб келади (шунингдек одамларга — иқтисодиётга, туризмга, маҳаллий аҳолининг соғлиғига зарба беради). Жанубий Америка, Тува ва Мўғулистоннинг тоғли ҳудудларида ҳам вазият шундай.
Алп тоғлари
Гласей-дю-Тур музлиги устида эриган сув билан тўлган чуқурлик. Музлик устидаги қор Саҳрои Кабир чангидан кирланган. Узунлиги тахминан беш километр бўлган Гласей-дю-Тур музлиги Монблан тоғ массивидаги кўплаб музликлардан бири ҳисобланади. Маҳаллий гляциологларнинг фикрича, агар ҳозирги иқлим шароитлари ўзгармаса, Гласей-дю-Тур музлиги ва минтақадаги 3500 метрдан пастда жойлашган бошқа аср охирига келиб бутунлай йўқ бўлиб кетиши мумкин.
Анд тоғлари
Мавзуга оид
15:41 / 07.01.2025
Дания қироли мамлакат гербини ўзгартирди — Трампнинг Гренландия ҳақидаги чиқишларидан кейин
11:57 / 06.01.2025
Трампнинг партиядошлари Гренландия бўйича ғояга шубҳа билан қараяпти
08:51 / 04.01.2025
Гренландия бош вазири Даниядан мустақилликни талаб қилди
20:22 / 03.01.2025