«МЮ» уйғонди ва «Ливерпул»га кураш таклиф қилди
«Энфилд»даги дуранг «Арсенал»ни хурсанд қилди — «Ливерпул» турнир жадвалида янада илгарилаб кета олмади.
Ўйин охирида «қизил иблислар» ғалабани илиб кетиши ҳам мумкин эди
«Ливерпул» — «Манчестер Юнайтед» 2:2
Голлар: Гакпо (59), Салоҳ (70, пеналти) — Мартинес (52), Диалло (80).
«Ливерпул» – Алиссон, Робертсон, ван Дейк, Конате, Александер-Арнолд (Брэдли, 86), Мак Аллистер, Гравенберҳ, Гакпо (Эллиот, 86), Жонс (Жота, 61), Салоҳ, Диас (Нунес, 60).
«Манчестер Юнайтед» – Онана, Мартинес, Магуайр, де Лигт (Йоро, 83), Фернандеш, Диалло, Далот, Майну (Гарначо, 72), Угарте, Мазравий, Ҳойлунд (Зиркзе, 86).
Огоҳлантиришлар: Далот (23), Диалло (54), де Лигт (64), Магуайр (73), Нунес (77), Александер-Арнолд (83).
Бир неча кун давомида ноқулай об-ҳаво туфайли бу учрашув бошқа кунга қолдирилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар чиқиб турди. Аммо майдон қордан тозаланди ва ўйин ўтказилди.
«Ливерпул» ва «МЮ» бу учрашувда амалда оптимал таркибларида етиб келди. Мезбонлар сафида ниҳоят ҳимоя марказига Конате қайтди, Собослаи касаллиги туфайли ўйинни ўтказиб юборди, аммо 23 учрашувдан иборат мағлубиятсиз серия ўтказаётган жамоа учун бу жиддий муаммо эмасди. Арне Слот унинг ўрнига Жонсни туширди. «МЮ»да эса сардор Фернандеш дисквалификациядан қайтди.
Жамоаларнинг охирги ўзаро учрашувларига қаралса, мерсисайдликлар мутлақ фаворит саналарди. Айниқса «Энфилд»даги ўйинда. Қолаверса, манчестерликлар Рубен Аморим бошчилигидаги 11 ўйиндан 11 тасида гол ўтказиб юборган, шундан еттитасида — икки ва ундан ортиқ. Ҳужум чизиғи эса ҳимоячиларнинг хатоларини ҳаспўшлай олмаяпти - португалиялик мутахассис Рэшфордни таркибдан чиқарган, Фернандешда муваффақиятсиз давр, Ҳойлунд ҳам ишончни оқлай олмаяпти. Антони, Гарначо ва Зиркзе ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Жамоа таркибида ёрқин ўйин кўрсатаётган биргина Амад Диалло барча учун ўйнай олмайди. Умуман олганда, ўйин бошлангунига қадар кўпчилик «МЮ» «Энфилд»да йирик ҳисобда енгилишини тахмин қилаётганди.
Ва ўйин айнан кутилганидек бошланди. Далот яна ўзи учун ноодатий бўлган чап қанотда тушди ва имкон қадар Салоҳни тўхтатишга уринди. Бир сафар португалиялик ҳимоячи рақиб ҳужумчисини икки қўли билан ушлаб қолди ва биринчи бўлим ўрталаридаёқ сариқ карточка олди.
Гакпо ва Мак Аллистер жиддий қаршиликка учрамасдан, яқин масофалардан дарвозани ўққа тутди. Биринчи ҳолатда тўп устун ёнгинасидан ўтиб кетди, бошқасида Онана қутқарди. Иккита ажойиб вазият икки дақиқа ичида (14 ва 16) рўй берди, аммо кейин «МЮ» ўйинини кучайтира бошлади ва ўйин тенглашди. Бўлим давомида Диаллода яхши вазият юзага келди, танаффус арафасида Ҳойлунд ҳисобни очиши мумкин эди, аммо унинг яқин масофадан йўллаган зарбаси Алисонга борди.
Иккинчи бўлим бошида Лисандро Мартинес Фернандешнинг ҳимоячилар орасидан ўтказган пасига очилиб, шунга ўхшаш вазиятга чиқиб борди. Аргентиналик ҳимоячи ҳужумчи жамоадошидан фарқли ўлароқ, дарвозабон боши устидан ошириб тўсин остига кучли зарба йўллади ва «МЮ» барча прогнозларни йўққа чиқарган ҳолда «Энфилд»да ҳисобда олдинга чиқиб олди.
«Ливерпул» дарҳол жавоб қайтарди. Меҳмонлар ҳужумдан чиқишда шошилди ва тўп рақибга топширилди, Гакпо жарима майдони ичида тўпни қабул қилиб олиб, де Лигтни бир ҳаракат билан йўлдан олди ва ўткир бурчакдан йўллаган зарбаси билан Онанага имконият қолдирмади.
Яна 10 дақиқа ўтиб мезбонлар ҳисобда олдинга чиқиб олишди, Салоҳ пеналтини аниқ ижро этди — бу мисрлик ҳужумчининг АПЛнинг жорий мавсумидаги 18-голи бўлди. Аввалига бош ҳакам жарима майдони ичида қоидабузилишини қайд этмаганди, аммо VAR уни видеотакрорни кўришга чақирди ва Майк Оливер тўп де Лигтнинг қўлига текканини қайд этиб, нуқтани кўрсатди.
«Ливерпул» бу мавсумда кўп учрашувларда ўйин охирида ғалабани илиб кетди, аммо бу сафар ғалабали ҳисобни сақлай олмаган жамоа айнан мерсисайдликлар бўлди. «Юнайтед» таслим бўлмади ва 80-дақиқада ҳисоб тенглашди. Меҳмонларнинг тезкор ҳужуми Гарначо қанотдан тўп узатиши ва Диалло аниқ зарба бериши билан якунланди.
Асосий вақтга етти дақиқа қўшиб берилди ва жамоалар бу вақт давомида ҳам тинимсиз ҳужум уюштириб, вазиятлар яратишди. Ван Дейк яқин масофадан гол уриши мумкин эди, аммо тўп Онананинг ўзига борди, захирадан тушган Брэдли жарима майдонига кириб борди ва дарвозабонни яна бир сейв ижро этишга мажбур қилди. «Юнайтед» сафида бурчак зарбаси ўйналганидан кейин Фернандеш кутилмаган зарбаси билан Алиссоннинг ҳушёрлигини текшириб кўрди, охирги дақиқада эса марказий ҳужумчи позициясида пайдо бўлган Магуайр ғалаба голини уриши мумкин эди, аммо унинг ўн бир метрлик нуқта атрофидан йўллаган зарбасидан кейин тўп тўсин устидан ўтиб кетди ва ҳисоб ўзгармай қолди.
Натижада «Ливерпул» бу турда «Арсенал» очко йўқотганидан фойдаланиб, иккинчи ўрин билан орадаги олти очколик фарқни йириклаштира олмади. Аморим бошқарувида аутсайдерларга қараганда топ-клубларга қарши кучлироқ ўйнаётган «МЮ» эса дуранг эвазига 14-ўриндан 13-поғонага кўтарилди.
Мавзуга оид
12:10 / 05.01.2025
«Сити» қайтмоқда, «Арсенал» «Ливерпул»ни хурсанд қилди. Кун ўйинлари
11:47 / 02.01.2025
«Арсенал» йилни ёрқин камбэк билан бошлаб, ўйин тақдирини уч дақиқада ҳал қилди
11:45 / 27.12.2024
Ҳоланд пеналтидан ҳам гол уролмади, «Челси» камбэк қурбони. АПЛда Boxing day
12:33 / 23.12.2024