Жаҳон | 00:15 / 06.01.2025
5591
3 дақиқада ўқилади

Ню Йорк марказига кириш пулли бўлди

Фото: Forbes

5 январдан бошлаб енгил автомобил ҳайдовчилари Ню Йоркнинг энг тирбанд ҳудудларидан бири — Манҳэттенга тиғиз вақтда кириш учун 9 доллар тўлаши керак.

Расмийлар бу орқали тирбандликлар кузатиладиган мазкур ҳудудда ҳар куни 80 мингга яқин машина ҳаракатини камайтириш ниятида.

Ню Йоркнинг энг гавжум масканига кириш нархи транспорт воситасининг тури ва куннинг қайси вақти эканига боғлиқ. Енгил автомобиллар учун у кечаси 2,25 долларни, тиғиз вақтда эса 9 долларни ташкил этади. Кичик юк машиналари ва айрим автобуслар тиғиз вақтдаги ҳаракат учун 14,4 доллар, кечки вақтда эса 3,6 доллар тўлайди. Шаҳар ҳукуматининг режасига мувофиқ, бу каби тарифлар 2028 йилгача амалда бўлади, кейин эса оширилади.

«Мазкур чора — серқатнов зонага кириш учун тўлов — Ню Йоркдаги тирбандликларга қарши курашишга қаратилган. Унинг мақсади битта — жамоат транспорт тизимини ривожлантириш учун маблағ тўплаш», — дейилади хабарда.

Штат губернатори Кети Ҳокул шаҳарда пулли кириш зонасини ташкил этиш таклифини ҳукуматга илк бор икки йил олдин билдирган эди. Транспортда мунтазам ишга қатнайдиганлар ва маҳаллий бизнеслар шикояти сабаб режа бир неча бор қайта кўриб чиқилган, унинг жорий этилиши қолдирилган.

5 январдан ишга туширилган схема 2024 йил июнда тақдим этилганди, аммо ўшанда Хокул уни «Ню Йорк аҳолиси учун жуда кўп кутилмаган оқибатлар» сабаб тўхтатиб қўйганди.

Тирбандликлар кузатиладиган зонага кириш учун пул тўлашга шаҳар таксистлар ассоциацияси ҳамда АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп ҳам қаршилик билдирган. Трамп президентлик лавозимига киришганидан кейин ушбу схемани йўқотишга ваъда берган.

INRIX компанияси маълумотларига кўра, Ню Йорк кетма-кет икки йилдан бери тирбандлик бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллаб келмоқда. Компания ҳисоботида келтирилишича, 2024 йилнинг биринчи чораги давомида Манҳэттен марказидаги автомобиллар тиғиз вақтда соатига 17 километр тезликда ҳаракатланган.

Мавзуга оид