Ўзбекистон | 11:00 / 06.01.2025
2937
1 дақиқада ўқилади

Туман Ўзбекистондаги учта аэропорт фаолиятини чеклаб қўйди

Нукус, Урганч ва Фарғона аэропортларини эрта тонгдан қуюқ туман қоплади. Аэропортларда ноқулай об-ҳаво шароити туфайли ҳаво кемаларини қабул қилиш ва учирилишига вақтинчалик чекловлар жорий этилди.

Фото: Uzbekistan Airports

Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Санкт-Петербург – Урганч йўналиши бўйича HY-9638 рейси самолёти соат 06:04 да Бухородаги муқобил аэродромга қўнди. Тошкент – ​​Урганч/Урганч – Тошкент йўналиши бўйича HY-51/52 рейслари ҳам кечиктирилди. Дастлабки маълумотларга кўра, самолёт Тошкентдан Урганчга соат 12:00 га, қайтиш рейси эса соат 14:15 га кўчирилди.

Шунингдек, Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Тошкент — Нукус йўналиши бўйича HY-11 рейси ҳам Нукусдаги туман сабаб маҳаллий вақт билан соат 11:30 га қолдирилди.

Фарғона аэропортида ноқулай об-ҳаво шароити туфайли самолётларни қабул қилишга чекловлар жорий этилганди. Silk Avia авиакомпаниясининг Тошкент — Фарғона йўналишидаги US-401 рейси маҳаллий вақт билан соат 11:20 га кўчирилди. Фарғона аэропорти самолётларни учиришга одатдаги режимда ишламоқда.

Бироз ўтиб Фарғона халқаро аэропортида самолётларни қабул қилишга жорий этилган чекловлар олинди. Аэропорт одатий режимда ишламоқда.

Мавзуга оид