7 январ янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Пойтахт жамоат транспортларида нақд йўлкира учун жарима, жаҳон паспорт ва IQ рейтингларида кўтарилиш ва чекланаётган банк карталари сони — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Нақд йўлкира учун жарима
2025 йил 1 январдан Тошкентдаги автобусларда нақд пул қабул қилиш тўхтатилди. Йўл ҳақини нақд пулда берган йўловчиларга энди жарима қўлланиши мумкин.
Транспорт назорати инспекциясининг маълум қилишича, ҳайдовчи ҳам нақд пул қабул қилмаслиги шарт, акс ҳолда маъмурий баённома расмийлаштирилади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра, йўловчига 37 минг 500 сўм жарима солинади. Барча автобусларга назорат камералари ўрнатилган бўлиб, қонунбузарлик ҳолатлари кузатувда бўлади.
Шаҳарда 2644 та автобекат атрофида 5500 та QR-код шохобчалари ташкил қилинган. Нақд пулга чипта ёки QR-код харид қилиш учун инфокиосклар фаолият кўрсатмоқда. Йўл ҳақи тўлови электрон тўлов тизими ёки банк карталари орқали амалга оширилади.
Бир йўловчи учун автобус ва метро қатнови нархи ATTO картаси орқали электрон тўловда 1700 сўмни ташкил этади, нақд пулда эса 3000 сўм этиб белгиланган. Инфокиосклар орқали бир марталик чипталар харид қилиш мумкин.
Ўзбекистон паспорти рейтингда кўтарилди
Ўзбекистон дунёнинг энг кучли паспортлари рейтингида 68-ўринни эгаллади. Passport Index маълумотларига кўра, бу ўтган йилга нисбатан икки ўринга яхши.
Индекс паспорти эгаси визасиз кириши мумкин бўлган ёки етиб боргандан кейин виза олиш имконияти мавжуд давлатлар сони асосида баҳоланади.
Ўзбекистон фуқаролари 32 давлатга визасиз ташриф буюриши, 46 давлатга етиб борганидан кейин виза олиши мумкин. Шунингдек, 120 та мамлакатга бориш учун виза олдириш талаб этилади.
Бу борада Ўзбекистон паспорти Марказий Осиёда 52-ўриндаги Қозоғистон паспортидан кейин турибди. Қирғизистон биздек 68-ўринда, Тожикистон 72-ўринда ва Туркманистон 76-ўринда.
Рейтингдаги энг кучли паспорт БАА фуқароларига тегишли. Энг сўнгги ўринда Сурия паспорти жойлашган.
IQ даражаси бўйича ҳам юқорилаш
Ўзбекистон нафақат паспорт рейтингида, ақл даражаси бўйича рейтингда ҳам юқорилади.
Халқаро IQ реестри маълумотига кўра, Ўзбекистон дунёдаги 127 давлат ичида ўртача 96,98 балл билан 69-ўринни эгаллади. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 2,17 баллга ошган.
Рейтингда биринчи ўрин Хитойга насиб этган бўлса, Эрон ва Жанубий Корея кучли учликдан ўрин олди. Габон эса 85,56 балл билан рўйхатнинг сўнгги поғонасини эгаллади.
Марказий Осиё давлатлари орасида Қозоғистон 66-ўринда, Қирғизистон 84-ўринда, Тожикистон 96-ўринда қайд этилди. Туркманистон ҳақида маълумот берилмаган.
Тадқиқот натижаларига кўра, мамлакатлардаги ўртача IQ даражасига юқимли касалликлар, овқатланиш, интеллектуал фаолият, генетика таъсир кўрсатади.
Соғлом овқатланиш, интеллектуал фаолият ва ривожланган соғлиқни сақлаш тизимига эга мамлакатларда ўртача IQ даражаси юқори бўлиши қайд этилди.
ССВ метапневмовирус ҳақидаги хабарларни рад этди
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Республика педиатрия маркази метапневмовирусга чалинган бемор болалар билан тўлгани ҳақидаги ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларни рад этди.
Вазирликнинг маълум қилишича, бундай хабарлар мутлақо асоссиздир. Янги йил арафасида педиатрия марказида профилактик ювиш ва зарарсизлантириш ишлари олиб борилган бўлиб, бу марказ бўлимларининг вақтинча ёпилишига сабаб бўлган. 6 январдан барча бўлимлар қайта очилиб, табиий равишда беморлар оқими ошган. Шу билан бирга, марказ юқимли касалликларга чалинган беморларни даволашга мўлжалланмаган.
2025 йилда 43 млрд долларлик инвестиция
Президент «Тадбиркорлар учун тенг шароитлар ва адолатли рақобат муҳитини таъминлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни имзоланди. Бу тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва солиқ сиёсатини барқарорлаштиришга қаратилган.
Фармонга кўра, даромад солиғи ва ҚҚС ставкалари 2028 йилгача ўзгартирилмайди. Фойда солиғининг базавий ставкаси 15 фоизни ташкил этади, дивидендлар учун 5 фоиз, хорижий фуқаролар ва компаниялар учун эса юқорироқ ставка белгиланган. ҚҚС ставкаси 12 фоиз бўлиб, коммунал хизматлар ва экспорт операцияларига 0 фоизлик имтиёз қўлланади.
2025 йилда Ўзбекистон 43 млрд долларлик инвестицияларни ўзлаштиришни режалаштирмоқда. Бюджет даромадлари 33,4 млрд доллар, харажатлари эса 37,3 млрд доллар бўлиши кутилмоқда.
Банк карталари сони чекланди
Ўзбекистонда ҳар бир жисмоний шахс номига расмийлаштириладиган пластик карталар сони чекланмоқда. Ушбу вақтинчалик тартиб 2025 йил мобайнида амал қилади.
Марказий банк маълумотига кўра, бир шахс учун битта банкда 5 тагача, барча банкларда эса жами 20 тагача карта очилиши мумкин.
Чеклов виртуал ва кобейджинг карталарини ҳам қамраб олади, бироқ чет эл валютасидаги карталарга татбиқ этилмайди. Шунингдек, 12 ой мобайнида ҳеч қандай операция бажарилмаган банк карталари блокланади ва бу ҳақда карта эгасига хабар берилади.
Марказий банк ушбу чоралар фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш учун жорий этилганини таъкидлади. Аввалроқ, айрим шахслар номига юзлаб карталар очилиб, улардан ноқонуний молиявий операцияларда фойдаланилгани қайд этилган эди.
Мавзуга оид
21:19 / 06.01.2025
6 январ янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:05 / 27.12.2024
27 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:02 / 26.12.2024
26 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:21 / 25.12.2024