Жаҳон | 17:53 / 07.01.2025
989
2 дақиқада ўқилади

АҚШда H5N1 парранда гриппи билан боғлиқ биринчи ўлим ҳолати қайд этилди

Луизиана штатида вафот этган бемор 65 ёшдан катта бўлган. Соғлиқни сақлаш департаментига кўра, бу штат ҳудудида қайд этилган ягона ҳолатдир.

Фото: Getty Images

Луизиана штатида H5N1 парранда гриппи билан боғлиқ АҚШдаги биринчи ўлим ҳолати қайд этилди. Бу ҳақда маҳаллий соғлиқни сақлаш департаменти хабар берди. Ўтган йил бошидан бери бутун дунёда парранда гриппи тарқалмоқда.

Таъкидланишича, бемор 65 ёшдан катта бўлган ва унда бошқа касалликлар ҳам аниқланган. Вирус унга ёввойи қушлар билан алоқадан кейин юққан. Луизиана соғлиқни сақлаш департаментига кўра, бу штат ҳудудида қайд этилган ягона ҳолат бўлиб, аҳоли орасида H5N1 парранда гриппининг тарқалиш хавфи паст даражада қолмоқда.

Декабр охирларида АҚШ Касалликлар назорати ва профилактикаси маркази (CDC) беморда парранда гриппи вирусининг мутацияси аниқланганини маълум қилганди. Скриппс институти олимларининг огоҳлантиришича, ушбу вирусдаги битта ўзгариш ҳам H5N1 штаммини одамлар орасида тез тарқаладиган касалликка айлантириб, янги пандемия тўлқинининг пайдо бўлишига олиб келади.

Ўтган йили ЖССТ эпидемиологи Ричард Пибоди дунё ҳамжамияти одамдан одамга юқиши мумкин бўлган парранда гриппи туфайли юзага келиши мумкин бўлган янги пандемияга тайёргарлик кўриш зарурлигини айтган эди. Унинг таъкидлашича, хавф, айниқса, қишлоқ жойлари ва парранда боқиш билан шуғулланадиган ўрта даромадли оилалар учун кучаймоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил апрелда Хитойнинг жанубидаги Гуандун провинциясида яшовчи 56 ёшли аёл парранда гриппининг H3N8 штамми билан касалланиш оқибатида вафот этган биринчи одамга айланганди

Мавзуга оид