Жаҳон | 21:20 / 07.01.2025
5661
4 дақиқада ўқилади

“Озарбойжон бирорта ҳам ортиқча талаб қўяётгани йўқ, Россия шартларни бажаришни пайсалга соляпти” — эксперт

Россиянинг Озарбойжон самолётини уриб тушириши икки ўртадаги муносабатлар совуқлашишига сабаб бўлади, лекин Бокунинг геосиёсий курсини ўзгартиришига олиб келмайди. Озарбойжонни Россия билан қалин иқтисодий муносабатлар боғлаб туради, қолаверса, Боку қўшилмаслик ҳаракатининг байроқдорларидан бири. Бу ҳақда Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сўз борди.

Сиёсий фанлар номзоди, профессор Анвар Йўлдошевнинг сўзларига кўра, Россия – Озарбойжоннинг иккинчи энг йирик савдо ҳамкори.

“Бунақа воқеалар доим бўлиб туради, бу биринчиси эмас. Ҳа, Россия буни қилганини тан олди ва Россия президенти Владимир Путин Илҳом Алиевдан кечирим сўради. Энди бу Россиянинг Озарбойжон билан муносабатларига қандай таъсир қилади, деган саволга жавоб беришимиз лозим. Озарбойжон 10 миллион аҳолига, тахминан 75 млрд долларлик ялпи ички маҳсулотга эга давлат. Озарбойжоннинг Россия билан савдо айланмаси ўтган йили 5 млрд атрофида бўлган. Россия – Озарбойжоннинг Туркиядан кейинги иккинчи энг йирик савдо ҳамкори ҳисобланади.

Бўлган воқеа Озарбойжоннинг Россияга муносабатини тубдан ўзгартириш учун сабаб бўла олмайди. Боку ҳеч қайси блокка интилмайди”, – дейди у.

Сиёсий таҳлилчи Шуҳрат Расулнинг қайд этишича, Озарбойжон мустақил бўлганидан бери ташқи сиёсат юритиш концепциясида ҳар доим қўшилмаслик сиёсатини олиб боряпти.

“Ўтган йили қўшилмаслик ҳаракатига аъзо давлатларнинг катта саммити ҳам ўтказилди. Озарбойжоннинг Россиядан талаблари бор ва улар шу талабларнинг бажарилишини хоҳлаяпти. Бир қисми бажарилди, лекин Озарбойжон расмийларга кўра, бу кечирим тўлақонли кечирим эмас. Қолган иккита талабни ҳам Россия томони пайсалга соляпти. Энди асосий талаб бу – ҳам ўлганлар учун, ҳам тирик қолганлар учун компенсация тўлаб бериш керак. Халқаро ҳаво кодексига кўра ҳам шундай. Озарбойжон халқаро ҳуқуқ нормалари доирасида Россия ҳарбийларини жавобгарликка тортишни талаб қилмоқда. Улар халқаро ҳуқуқда нимайики бўлса, шуни сўраяпти, бирор ортиқча талаблари йўқ. Мана шу охирги иккита масала бўйича Россия ҳалигача тайинли бир гап айтмаяпти.

Менинг шахсий фикрим, мана шу охирги иккита талаб ҳам менимча, бажарилса керак, чунки бу ерда халқаро суриштирувлар давом этмоқда. Самолёт Бразилиянинг Embraer компаниясига тегишли, улар текширувни бошлаган. Учоқнинг қора қутиси ҳам компанияга топширилган”, – дейди Шуҳрат Расул.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг айтишича, Илҳом Алиев ҳокимиятга келишидан олдин, ўн йил давомида унинг отаси Ҳайдар Алиев Бокунинг геосиёсий векторини Ғарбга йўналтирганди. Илҳом Алиев эса отасидан фарқли тарзда Озарбойжонни турли иттифоқлардан мустақил тутмоқчи.

“Бугунги кунда “Глобал қўшилмаслик ҳаракати”нинг етакчиси Боку ҳисобланади. Бу эса, Россия нуқтайи назаридан, русларга қарши дегани эмас. Озарбойжон НАТОга ҳам, КХШТга ҳам интилмайди, яъни булар ўртасида тирашув бўлса, Боку ҳеч қайси томонни танламайди дейиш мумкин.

Жанубий Кавказда учта давлат бор. Арманистон бугун Россиядан ажралган ва Москва лойиҳаларидан амалда чиқиб кетган давлат. Грузия Саакашвили даврида анти-Россия бўлган давлат эди, бугунги кунда эса Грузиянинг ичида кураш кетмоқда, Россияга дўст бўлиш ёки душман бўлиш масаласида. Бироқ Озарбойжон масаласида бундай деб бўлмайди ва биргина самолётни уриб тушириш воқеаси Боку ташқи сиёсатини ўзгартиришга асос бўлмайди”, – дейди Раббимов.

Мавзуга оид