Жаҳон | 11:45 / 07.01.2025
9327
2 дақиқада ўқилади

Тибетда кучли зилзила: юздан ортиқ киши ҳалок бўлган

Тибетнинг тоғли ҳудудларидан бирида рўй берган кучли зилзила оқибатида камида 126 киши ҳалок бўлган ва 188 киши яраланган. Хитой нашрларига кўра, ер қимирлаши оқибатида кўплаб бинолар қулаган.

Фото: AFP

Хитой сейсмологик тармоқлар маркази (CENC) маълумотига кўра, маҳаллий вақт билан соат эрталабки 9 атрофида ХХРнинг Тибет автоном ҳудудининг Непал билан чегараси яқинида 6,8 магнитудали зилзила рўй берган.

Зилзила эпимаркази Тингри уездида, 10 километр чуқурликда жойлашган. Ундан кейин кучи 4,4 магнитудагача бўлган афтершоклар ҳам қайд этилган.

АҚШ Геология хизмати (USGC) Шигадзе шаҳридан 177 км жануби-ғарбда 7,1 магнитудали зилзила рўй берганини хабар қилган. Бу ҳудуд Тибетдаги муқаддас тоғлардан ҳисобланиб, бу ерда нуфузи бўйича фақат Далай-ламадан ортда қоладиган, Тибетдаги буддизмнинг муҳим фигураларидан бири Панчен-ламанинг қароргоҳи жойлашган.

Ер силкиниши Непал пойтахти Катмандуда, шунингдек, Бутан ва Ҳиндистон ҳудудларида ҳам сезилган.

«Тингри уезди ва унинг атрофидаги ҳудудларда жуда кучли ер силкинишини ҳис қилишди, эпимарказ яқинидаги кўплаб бинолар қулаб тушган», — дея хабар берган CCTV давлат телеканали.

Воқеа жойида олинган кадрларда вайрон бўлган уйлар ва атрофга сочилиб кетган парчалани кўриш мумкин.

Хитой нашрлари хабар қилишича, маҳаллий расмийлар зилзила оқибатларини баҳолаш учун уезддаги аҳоли яшаш манзилларини айланиб чиқмоқда.

Синоптикларга кўра, Тингрида ҳарорат Целсий бўйича -8 даражани ташкил қилмоқда ва сешанба куни кечқурун -18 даражагача тушади.

Шигацзе Тибетдаги муқаддас шаҳарлардан бири саналади

 

Баланд тоғларда жойлашган уездда 62 минг атрофида одам яшайди. Бу ҳудудда зилзилалар тез-тез рўй бериб туради, аммо бу сафаргиси сўнгги беш йилликдаги энг кучлиси бўлди.

Регион Ҳиндистон ва Евросиё тектоник плиталарининг асосий ёриқ чизиғи яқинида жойлашган ва тез-тез сейсмик фаолликка дучор бўлади.

2015 йилда Непал пойтахти Катманду яқинида 7,8 магнитудали ер силкиниши рўй бериши оқибатида 9 мингга яқин киши ҳалок бўлиб, 20 мингдан ортиқ киши жароҳатланганди.

Мавзуга оид