Жаҳон | 08:32 / 08.01.2025
22429
3 дақиқада ўқилади

«Ахир у билан яхши эдик. Нега вайсаяпти?» — Лукашенко Зеленскийга жавоб қайтарди

Александр Лукашенко Украина Беларусни ҳарбий можарога тортаётганини айтди. Унинг фикрича, Беларус урушда қатнашишга дош бера олмаслиги мумкин.

Фото: БелТА

Александр Лукашенко Украина президенти Володимир Зеленскийнинг Лукашенко уруш бошида ундан узр сўрагани ҳақидаги гапига муносабат билдирди.

«Белта» хабарига кўра, Лукашенко хориждаги айрим нияти ёмон кимсалар Беларусни урушга тортишга уринаётгани ва бунда Зеленскийдан ҳам фойдаланаётганини айтган.

«У ердагилар [хорижда] қийналмоқда. Шунинг учун бизни ҳам урушга тортиш керак. Нега Володя Зеленский ўзини бундай тутмоқда? Ахир биз у билан яхши эдик. Ва менинг кичик оилам ҳам. У нега вайсаяпти, унга нима етмаяпти? Унга буйруқ беришяпти. Мамлакатимизни урушга тортиш учун ҳар томонлама ҳаракат қилишмоқда...», — деди Лукашенко.

Лукашенко агар Беларус урушга тортиладиган бўлса, «жуда оғир бўлишини, давлат сифатида бунга бардош беролмаслиги мумкинлиги»ни, шунинг учун бундан қочишга ҳаракат қилаётганини айтган. «Лекин биз дош беришимиз керак. Майли, бизда диктатура дейишсин, истаганини айтишсин. Менга қаранг, Украинадаги демократиядан кўра, Беларусдаги диктатура яхшироқ. Биз бунга дош беришимиз керак. Ҳар қандай ҳолатда ҳам қўрқмаслик керак», — деган Лукашенко.

У ўз ҳукмронлиги йилларида мамлакат «юпқа муз устида юрган бўлса-да, ҳеч қачон музни ўйиб юбормагани ва сувга қулаб тушмагани»ни таъкидлаган.

6 январ куни Володимир Зеленскийнинг подкастер Лекс Фридманга берган интервюси эълон қилинган, унда Украина президенти бошқа гаплар қатори РФнинг Украинага кенг кўламли босқинининг илк кунларида Александр Лукашенко ундан Беларус ҳудудидан йўлланган зарбалар учун узр сўрагани ва бунга жавобан Мозирский нефтни қайта ишлаш заводига зарба беришни таклиф қилганини айтганди. 

Кейинчалик, Лукашенконинг матбуот котиби Наталя Эйсмонт бу иддаоларни рад қилди. «Зеленскийдан узр сўралмади, чунки бизда узр сўраш учун ҳеч қандай сабаб йўқ», деб таъкидлаган у.

Мавзуга оид