Жаҳон | 13:56 / 08.01.2025
2536
3 дақиқада ўқилади

Estlink 2 кабелининг узилиши: Фин кўрфазида лангар топилди

Финландия ва Швеция ўртасидаги қўшма операция давомида Болтиқ денгизи тубидан лангар кўтарилди, у 2024 йил декабрида сувости электр кабелларини, жумладан Estlink 2'ни узиб юборган.

Фото: X / SuomenPoliisi

Финландия полицияси 2024 йил охирида Фин кўрфазининг тубидан сувости электр кабеллари, жумладан Estlink 2'ни узиб юборган лангарни топди. Бу ҳақда 7 январ, сешанба куни Финландия полицияси сайтида чоп этилган пресс-релизда айтилади.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг фикрича, лангар Eagle S кемасига тегишли бўлиб, у аввалроқ кабелга шикаст етказганликда гумон қилиниб қўлга олинган. Финландия қуролли кучлари, шунингдек, Швеция ҳарбий-денгиз кучлари ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига лангарни пастдан кўтаришда ёрдам беришди. Юк кўтарувчи кран Швециянинг Belos қутқарув кемаси бортида бўлган.

«Лангар топилган жой Eagle S маршрутида, Порккала яримороли сатҳида жойлашган. Лангар денгиз тубида ётган», деди финландиялик терговчи Ристо Лоҳи.

Reuters таъкидлаганидек, қўлга олинганидан кейинги Eagle S фотосуратлари унинг чап борт томонидаги лангарини йўқотганини ва фақат ўнг томонидаги лангар билан ушлаб турилганини аниқ кўрсатиб турибди.

Ғарб кабеллар узилишининг олдини олиш учун сунъий интеллектдан фойдаланади

Буюк Британия бошчилигидаги қўшма экспедиция кучлари (Joint Expeditionary Force, JEF) Болтиқ денгизидаги йирик Estlink2 сувости кабелига зарар етказилгани ҳақидаги хабарлардан сўнг денгизости инфратузилмасига потенциал таҳдидларни ва Россиянинг соядаги флотини кузатиш учун илғор жавоб тизимини фаоллаштирди. Бу ҳақда 6 январ куни Британия ҳукумати маълум қилди.

JEF 10 та давлатдан иборат.

Nordic Warden операцияси ўтган ҳафта бошланган эди. Унинг аъзолари сунъий интеллектдан турли манбалардан олинган маълумотларни, жумладан, кемаларни автоматик идентификация қилиш тизими (AIS) ва хавфларни баҳолаш учун фойдаланадилар. JEF ҳаракатлари НАТОнинг саъй-ҳаракатларини кучайтиради.

Россиянинг соядаги флоти бир қисми сифатида аниқланган кемалар JEF аъзоларини қизиқтирган ҳудудларга яқинлашганда уларнинг ҳаракатларини диққат билан кузатиб бориш учун тизимга киритилган. Агар хавф мавжуд бўлса, тизим реал вақт режимида кузатиб боради ва дарҳол JEF'га аъзо мамлакатларга, шунингдек, НАТО иттифоқчиларига огоҳлантириш юборади.

«Ҳукумат бизнинг иттифоқчиларимиз билан сувости кабеллари каби муҳим миллий инфратузилмани ҳимоя қилиш учун яқиндан ишлаяпти», деди Британия бош вазири Кир Стармер. «Европа хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун JEF саммитидан сўнг тез орада ушбу илғор технологияни ишга тушираётганимиздан хурсандман», — дея қўшимча қилди у.

Мавзуга оид