Жаҳон | 11:33 / 08.01.2025
1050
3 дақиқада ўқилади

Германия Европа Иттифоқини Сурияга нисбатан санкцияларнинг бир қисмини бекор қилишга чақирди

Анналена Бербокнинг Дамашққа сафари ортидан Германия ҳукумати Европа Иттифоқининг бошқа мамлакатларига Сурияга қарши санкцияларнинг бир қисмини бекор қилишни таклиф этди, деб хабар беради AFP. FT версиясига кўра, бу таклиф Германия ташқи ишлар вазири ташрифидан олдин билдирилган.

Фото: AP

Германия ҳукумати Европа Иттифоқи давлатларини Башар Асад ҳокимиятдан ағдарилганидан сўнг Сурияга қарши санкцияларнинг бир қисмини бекор қилишга чақирди. Бу ҳақда 7 январ, сешанба куни Британиянинг Financial Times (FT) газетаси ва Франциянинг AFP агентлиги аноним қолишни истаган суҳбатдошларига таяниб хабар берди.

Сурияга қарши санкцияларнинг бир қисмини бекор қилиш

FT маълумотларига кўра, 2024 йил декабр ойи охирида немис дипломатлари ЕИ давлатлари расмийларига Дамашққа қарши санкциялар олиб ташланиши мумкин бўлган секторлар бўйича таклифлар билан иккита ҳужжат юборган. AFP хабарига кўра, бу Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербокнинг 3 январ куни Дамашққа қилган ташрифидан кейингина содир бўлган.

FT маълумотларига кўра, банк ва энергетика соҳаларида, ҳаво транспортида ва оддий сурияликларнинг халқаро пул ўтказмаларида чекловларни олиб ташлаш таклиф этиляпти. AFP хабарида айтилишича, таклифлар орасида Европа Иттифоқининг Сурия ҳукумати билан молиявий операцияларга рухсат бериш масаласи ҳам бор.

АҚШ Молия вазирлиги Сурияга қарши санкцияларни вақтинча юмшатди

АҚШ Молия вазирлигининг Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси (OFAC) Сурия ўтиш даври ҳукумати вакилларига мамлакатда молиявий фаолиятни кенгайтириш учун умумий лицензия берди. Бу ҳақда Reuters 6 январ куни Америка расмийларининг тегишли резолюциясига таяниб хабар берди. «АҚШ инсонпарварлик ёрдами оқимини осонлаштириш мақсадида Сурияда Башар Асад ҳукмронлиги тугаганидан кейин олти ой муддатга давлат идоралари билан транзакциялар учун санкциялардан озод қилишни жорий этди», — дейилади хабарда.

Таъкидланганидек, бош лицензия 7 июлгача «Сурияга баъзи энергия операциялари ва шахсий пул ўтказмалари»га рухсат беради. Бироқ, «бу қарор ҳеч қандай санкцияларни бекор қилмади», — дея аниқлик киритмоқда улар. Сурияда айни дамда сезиларли даражада электр тақчиллиги кузатилмоқда – мамлакатнинг аксарият ҳудудларида кунига уч соатгача электр таъминоти мавжуд. «Муваққат ҳукумат икки ой давомида кунига саккиз соатгача электр энергиясини етказиб беришни мақсад қилганини айтмоқда», деб ёзади Reuters.

Ўз навбатида, АҚШ Молия вазирлиги бу ҳаракат «санкциялар асосий хизматлар кўрсатишга ва бутун Сурия бўйлаб ҳукумат функцияларининг узлуксизлигига, жумладан электр энергияси, энергия, сув ва канализация билан таъминлашга тўсқинлик қилмаслигига» қаратилганини айтди. Чораларни юмшатиш учун ажратилган олти ой давомида «АҚШ ҳукумати воқеалар ривожини жойларда кузатишда давом этади». Вашингтон мамлакатнинг янги ҳокимияти йўналиши аниқ бўлишини кутмоқда ва хусусан, Дамашқ аёллар ва этник озчиликлар ҳуқуқлари бўйича берган ваъдаларини бажаришига кафолат изламоқда.

Мавзуга оид