Ўзбекистон | 13:04 / 08.01.2025
2662
3 дақиқада ўқилади

Тошкент туманида аҳоли норозилигидан кейин санитар тозалаш корхонаси билан шартнома бекор қилинди

Фото: Чиқиндиларни бошқариш агентлиги

Чиқиндиларни бошқариш агентлиги Тошкент туманида чиқинди хизматлари бўйича мавжуд муаммолар ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар юзасидан муносабат билдирди.

Қайд этилишича, мазкур мурожаат Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги масъуллари томонидан алоҳида назоратга олиниб, ҳолат жойига чиқиб ўрганилди.

Шунингдек, Халқ депутатлари Тошкент тумани кенгаши Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда «Зангиота Ободон» МЧЖ ва «Тоза ҳудуд» ДУК санитар тозалаш корхонаси раҳбарлари иштирокида доимий комиссия йиғилиши ўтказилди.

Кун тартибида ҳудудда чиқиндилар ўз вақтида олиб чиқиб кетилмаслиги бўйича аҳолининг норозилиги муҳокама қилинган.

«Йиғилишда айни пайтда «Зангиота Ободон» МЧЖ билан санитар тозалаш хизмати бўйича тузилган битим бекор қилингани ҳамда ушбу масала билан вақтинчалик Тошкент вилояти «Тоза ҳудуд» ДУК шуғулланиши маълум қилинди. Шу ўринда, мавжуд ягона электрон билинг тизимига кўра ҳудудда март ойига қадар электр таъминоти билан боғлиқ чекловлар бўлмаслиги билдирилди.

Музокаралар натижасида Тошкент туманида маиший чиқиндилар билан боғлиқ юзага келган муаммолар 6 кун ичида тўлиқ бартараф этилиши ҳамда кейинчалик аниқ режа-график асосида хизмат кўрсатилишига келишиб олинди.

Жараёнда мазкур масала алоҳида назоратга олиниб, хизмат кўрсатувчи санитар тозалаш корхонаси томонидан зиммасига юклатилган вазифа ўз вақтида самарали бажарилмаса, Давлат экологик назорат инспекцияси ҳамда сессия қарори билан ижрочиларга белгиланган тартибда зарурий чоралар кўрилиши таъкидлаб ўтилди», дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, Экология вазирлиги ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш агентлиги томонидан санитар тозалаш инфратузилмаси объектларини жойлаштириш ва улардан фойдаланиш бўйича талабларни бузиб, фаолиятида сусткашликка йўл қўйган айрим санитар тозалаш корхоналарига ҳуқуқий баҳо берилишини таъминлаш алоҳида назоратга олинган. Жумладан, санитар тозалаш корхоналари иштирокида аҳолига сифатли хизмат кўрсатмаганлик билан боғлиқ 2 236 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, уларга Давлат экологик назорат инспекцияси томонидан тегишли тартибда қонуний чоралар кўрилган. Унга кўра жами 814 млн 771 минг сўм миқдоридаги жарималар қўлланган бўлиб, масъулларнинг 8 нафарига жиноий жавобгарлик белгиланган ҳамда «Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида хизматларни кўрсатишга давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги 4 та битим бекор қилинган.

Мавзуга оид