Трамп НАТО давлатларини мудофаа харажатларини ЯИМ 5 фоизигача оширишга чақирди
АҚШнинг сайланган президенти НАТО давлатларини мудофаа харажатларини ялпи ички маҳсулотнинг беш фоизигача оширишга чақирди.
АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп НАТО давлатлари йиллик мудофаа харажатларини ялпи ички маҳсулотнинг 5 фоизигача ошириши кераклигини айтди. Республикачи бу ҳақда 7 январ, сешанба куни Флоридада ўтказилган матбуот анжуманида гапирди.
Трамп: Мен НАТОни қутқардим
АҚШ сайланган президенти биринчи президентлик даврида Европадан мудофаа харажатларини ЯИМнинг 2 фоизигача оширишни талаб қила бошлаганини эслади. «НАТО ҳақида мендан кўра кўпроқ ҳеч ким билмайди», деди у. Унинг сўзларига кўра, Шимолий Атлантика алянсининг янги бош котиби Марк Рютте 2024 йил ноябр ойида бўлиб ўтган йиғилишда «агар мен бўлмаганимда НАТО мавжуд бўлмасди, деган эди».
«Мен ўшанда айтдим: агар сиз тўламасангиз, биз сизни ҳимоя қилмаймиз. Мен буни айтишим биланоқ, пул кела бошлади. Обама буни айтиши мумкин эди, лекин буни мендан бошқа ҳеч ким айтмади. Тўғрисини айтсам, мен НАТОни сақлаб қолдим».
Унинг сўзларига кўра, унинг талабларидан олдин «НАТОнинг 28 давлатидан 21 таси ўз ҳисобларини тўламаган» ва у «680 миллиард доллардан кўпроқ пул йиғишга» муваффақ бўлган. «2 фоиз эди. Лекин 5 фоиз бўлиши керак», дея қўшимча қилди у.
Журналистлар ундан бу талабга аниқлик киритишни сўрашди. «Баъзилар етарли пул тўламади, баъзилари эса 1 фоиз тўладилар, - деб жавоб берди Трамп. - НАТОда 5 фоиз бўлиши керак. Менимча, улар буни қила олади».
«Агар сизнинг мамлакатингизда мунтазам армиянгиз бўлса, сизда - 4 фоиз. Уларда эса хавфли ҳудуд, уларда 2 фоиз эмас, балки 5 фоиз бўлиши керак», — дея хулоса қилди республикачи.
Трамп яна Канадага АҚШ билан бирлашишни таклиф қилди
АҚШнинг янги сайланган президенти Доналд Трамп Канаданинг АҚШ билан бирлашиши ҳақидаги таклифини такрорлади. «Агар Канада АҚШ билан бирлашса, ҳеч қандай тарифлар бўлмайди, солиқлар сезиларли даражада камаяди ва улар доимо ўзларини ўраб турган Россия ва Хитой кемалари таҳдидидан бутунлай ҳимояланган бўлади. Биргаликда бу қандай буюк давлат бўлар эди» – деб ёзди Оқ уйнинг бўлажак раҳбари 6 январ куни ўзига тегишли бўлган Truth Social ижтимоий тармоғида.
Шу тариқа, Трамп бир неча соат аввал эълон қилинган Канада бош вазири Жастин Трюдонинг истеъфога чиқиши ҳақидаги хабарга жавоб қайтарди. «Канадада кўп одамлар 51-штат бўлишни яхши кўради. Қўшма Штатлар Канаданинг ўзини сақлаб қолиши учун зарур бўлган йирик савдо камомади ва субсидияларга энди тоқат қила олмайди. Жастин Трюдо буни билиб, истеъфога чиқди», — дейилади унинг хабарида.
Мавзуга оид
20:33 / 08.01.2025
Трамп Гренландия ва Панама каналини куч билан эгаллаш эҳтимолини истисно этмаяпти
16:59 / 08.01.2025
Трамп Россиянинг «Украина НАТОга қўшилиши» борасидаги туйғуларини тушунишини айтди
16:26 / 08.01.2025
Доналд Трампга «сукут учун пул» жиноят иши бўйича ҳукм кечиктирилмайди
12:11 / 08.01.2025