Azerbaijan Airlines Бокудан Қозонга парвозларни тўхтатди
Қозон AZAL ўз самолёти Қозоғистонда ҳалокатга учрагач, парвозларни тўхтатган Россиянинг ўн биринчи шаҳри бўлди. Ушбу қадам хавфсизлик масалалари билан изоҳланади.
Azerbaijan Airlines (AZAL) Бокудан Қозонга ва ортга парвозларни номаълум муддатга тўхтатди. 8 январ, чоршанба куни ижтимоий тармоқ орқали авиаташувчи ўз қарорини Қозон устидаги ҳаво ҳудуди сўнгги пайтларда мунтазам равишда ёпиб қўйилгани билан изоҳлади.
Хабарда айтилишича, Татаристон пойтахтига парвозларни тўхтатиб туриш «парвоз хавфсизлигини таъминлаш» учун мўлжалланган. «AZAL жорий вазиятни диққат билан кузатишда давом этади ва ҳар қандай ўзгаришлар ҳақида йўловчиларни хабардор қилади», — дейилади компания хабарида.
Қозон 2024 йил 25 декабрда Грозний осмонида учувчисиз учоқ ҳужуми пайтида Embraer 190 самолёти ҳаво мудофаа тизими томонидан уриб туширилгач ва Қозоғистоннинг Оқтов шаҳри яқинида ҳалокатга учрагач, Azerbaijan Airlines парвозларини тўхтатган Россиянинг ўн биринчи шаҳри бўлди. Ҳалокатдан кўп ўтмай AZAL хавфсизлик нуқтайи назаридан Владикавказ, Волгоград, Грозний, Махачқалъа, Минералние Води, Нижний Новгород, Самара, Саратов, Сочи ва Уфага парвозларни бекор қилди.
AZAL ҳалокати: терговнинг дастлабки натижалари 30 кун ичида эълон қилинади
25 декабр куни Қозоғистоннинг Оқтов шаҳри яқинида рўй берган Azerbaijan Airlines (AZAL) самолёти ҳалокати бўйича терговнинг дастлабки натижалари 30 кун ичида эълон қилинади. Бу ҳақда 31 декабр куни Қозоғистон транспорт вазири ўринбосари Талгат Ластаев маълум қилди. Унинг таъкидлашича, бундай давр «умуман олганда, стандартларга мувофиқ».
Ластаевнинг айтишича, ҳозирда терговнинг дала босқичи давом этмоқда — ҳалокат жойида қулаган самолётнинг бўлаклари ва бошқа ашёвий далиллар йиғилмоқда. Барча ашёвий далиллар Оқтов аэропортидаги махсус ангарда тўпланади, мутахассислар у ерда таҳлил қилади.
Қозоғистон Транспорт вазирлиги, шунингдек, Оқтовга хорижий экспертлар, жумладан, Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ICAO), авиаҳалокатларни текшириш ва олдини олиш маркази (CENIPA) ходимлари келгани ҳақида хабар берди. Embraer самолётини ишлаб чиқарувчи давлат - Бразилияга ҳалокатга учраган самолётнинг қора қутилари мутахассислар томонидан экспертиза учун юборилди.
Мавзуга оид
01:04 / 31.12.2024
Қозоғистонга қулаган AZAL самолёти бўйича дастлабки тергов маълумотлари 30 кун ичида тақдим этилади
12:41 / 30.12.2024
Алиев: AZAL хавфсизлик нуқтайи назаридан РФ шаҳарларига парвозларни тўхтатди
17:06 / 28.12.2024
«Туркманистон» авиакомпанияси Москвага рейсларини 1 ойга тўхтатди
21:10 / 25.12.2024