Жамият | 21:11 / 09.01.2025
3402
2 дақиқада ўқилади

Чирчиқда 4 ёшли қизининг ўлимида гумонланаётган аёл қамоққа олинди

Аввалроқ, 2020 йилда туғилган қиз танасидаги турли жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган, ҳолат юзасидан жиноят иши очилган эди.

Фото: Видеодан кадр

Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида 4 ёшли қизини уриб, ўлимига сабаб бўлган тан жароҳати етказганликда гумонланаётган она қамоққа олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот котиби Бобур Тўлаганов хабар берди.

Қайд қилинишича, 1977 йилда туғилган аёлга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

2024 йил 23 декабр куни Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туман тиббиёт бирлашмасига 2020 йилда туғилган қиз танасидаги турли жароҳатлар билан қабул қилингани ҳақида хабар берилди.

Терговга қадар текширувда 1977 йилда туғилган аёл 4 ёшли қизини қаттиқ калтаклаб, тан жароҳати етказгани аниқланган. Хусусан, тиббиёт хулосасига кўра, болада бош мия ёпиқ жарохати, бош мия лат ейиши оғир даражаси ва бош соҳасидаги бошқа оғир жароҳатлар қайд этилган.

27 декабр куни ҳолат юзасидан Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳар ИИБ томонидан Жиноят кодексининг 126-1-моддаси 7-қисми «б» банди (Оилавий маиший зўравонлик) билан жиноят иши қўзғатилган эди.

Мавзуга оид