Жаҳон | 19:43 / 09.01.2025
2863
2 дақиқада ўқилади

Ливанга янги президент сайланди

Ливан парламенти кўпчилик овоз билан армия бош қўмондони Жозеф Аунни мамлакат президентлиги лавозимига сайлади.

Фото: Reuters

Қайд этилишича, Жозеф Аун президентлик лавозимига сайланиш учун керак бўладиган 86 та овоздан кўпроқ тўплаган. Армия қўмондони номзодига 128 нафар парламентарийнинг 99 нафари овоз берган. Депутатлардан бири эса бюллетенни бузиб, унга америкалик сиёсатчи Берни Сандерснинг исмини ёзиб юборган.

Ливанда 2022 йил октябрда Мишел Ауннинг президентлик ваколати якунланганидан бери давлат раҳбари лавозими бўш қолиб келаётганди. Ливанда президентни сайлаш жараёни Конституция ва ҳокимиятнинг конфессионал тақсимотига асосланган мамлакат сиёсий тизимининг ўзига хос хусусиятлари билан тартибга солинади. Ливан президенти 128 депутатдан иборат парламент томонидан олти йил муддатга сайланади ва у кетма-кет иккинчи муддатга ушбу лавозимни эгаллай олмайди.

1964 йилда туғилган Жозеф Аун 2017 йил мартдан бери Ливан армияси қўмондони лавозимини эгаллаб келаётганди. У Ливан ҳарбий академиясида таълим олган ва кейинроқ АҚШ ҳамда Францияда малака оширган. Фаолияти давомида Ливан қуролли кучларидаги муҳим лавозимларни эгаллаган, жумладан, бригадаларни бошқарган ва мамлакат ҳудудида терроризмга қарши кураш стратегиясида иштирок этган.

 

Мавзуга оид