Панама ва Дания Трампнинг ҳудудий даъволарига жавоб қайтарди
Панама океанлараро канал устидан суверенитетга эга, бу муҳокама қилинмайди, деди мамлакат ташқи ишлар вазири. Дания бош вазири АҚШ Гренландияни эгаллашини тасаввур қила олмаслигини айтди.
Панама ва Дания АҚШ сайланган президенти Доналд Трампнинг Панама канали ва Гренландия устидан назоратни қўлга киритиш ташаббусини яна рад этди. Панаманинг Атлантика ва Тинч океанларини боғловчи канал устидан суверенитети «муҳокама қилинмайди ва бизнинг саъй-ҳаракатларимиз тарихининг бир қисмидир», деди 7 январ, сешанба куни Панама ташқи ишлар вазири Хавер Мартинес-Ача.
У, шунингдек, мамлакатнинг бу борадаги позицияси аввалроқ президент Хосе Раул Мулино томонидан аниқ билдирилганини таъкидлади.
Фредериксен АҚШнинг Гренландияни эгаллаб олиши эҳтимолини рад этди
Ўз навбатида, Дания бош вазири Метте Фредериксен АҚШнинг Дания таркибидаги ҳудуд бўлган ва кенг автономия ҳуқуқларига эга Гренландия устидан назоратни қўлга киритиш учун ҳарбий ёки иқтисодий чораларни қўллаш эҳтимолига шубҳа билдирди. «Гренландия гренландларга тегишли», деди у TV 2 телеканалига берган интервюсида ва «бу ҳудуд сотилмайди», деб қўшимча қилди.
Фредериксен Америка Қўшма Штатлари Гренландияни куч ишлатиб эгаллаб олиши сценарийсини тасаввур қила олмаслигини айтди. У, шунингдек, Қўшма Штатлар Даниянинг «энг муҳим ва энг яқин иттифоқчиси» эканлигини таъкидлаб, қироллик фуқароларини хотиржам бўлишга чақирди.
Доналд Трампнинг ўғли Гренландияга учиб келди
Кичик Доналд Трамп Данияга қарашли Гренландиянинг Нуук шаҳрига етиб келди – бу АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп ҳудудни назорат қилиш истагини яна бир бор таъкидлаганидан икки ҳафта ўтиб рўй берди. 7 январ куни ён томонида «Трамп» ёзуви бўлган Boeing 757 самолёти аэропортга қўнди.
Трамп сафар ҳақида 6 январ куни Truth Social ижтимоий тармоғида эълон қилди. «Менинг ўғлим кичик Дон ва АҚШнинг турли вакиллари у ерга энг ажойиб ва диққатга сазовор жойларни кўриш учун борадилар», деб ёзди у.
Дания Ташқи ишлар вазирлиги, ўз навбатида, бу маълумотни эътиборга олганини маълум қилди. «Бу Американинг расмий ташрифи бўлмагани учун Дания Ташқи ишлар вазирлиги бошқа изоҳ бера олмайди», — дея таъкидлаган идора.
Мавзуга оид
16:16 / 09.01.2025
Канада, Дания ва Панамадагилар Трампнинг ҳудудий даъволари бўйича қандай фикрда?
20:33 / 08.01.2025
Трамп Гренландия ва Панама каналини куч билан эгаллаш эҳтимолини истисно этмаяпти
15:41 / 07.01.2025
Дания қироли мамлакат гербини ўзгартирди — Трампнинг Гренландия ҳақидаги чиқишларидан кейин
22:40 / 04.01.2025