Қамчиқ довонидаги захира йўлда қор учгани чиққан 2 киши вафот этди
8 январ куни Қамчиқ довонидаги захира йўлга чиқиб, селфи қилмоқчи бўлган фуқаро пастга сирпаниб кетган. Kun.uz манбасига кўра, у ва унга ёрдам бермоқчи бўлган шеригини қор уюмлари босиб қолган. ФВВ ҳолат фақат махсус техникалар ҳаракатланиши мумкин бўлган захира йўлда рўй берганини маълум қилди.
8 январ куни тушдан сўнг Қамчиқ довонидаги захира йўлнинг тақиқланган қисмига қорда учиш учун саёҳат қилган гуруҳ билан фожиа юз берди.
Kun.uz манбаси хабар беришича, гуруҳда жами 8 киши бўлган, улардан бири – 31 ёшли фуқаро йўлнинг четроқ қисмида селфи қилаётган вақтда йиқилиб тушган. Ёрдам бермоқчи бўлган яна бир шериги унинг олдига тушгач, уларнинг устидан бир неча метрлик қор уюми босиб қолган. Натижада фуқаролар вафот этган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳолатни Kun.uz'га тасдиқлади.
Маълум бўлишича, ҳолат Тошкент-Андижон-Ўш автомобил йўлининг 141-километрида содир бўлган. Ушбу ҳудуд захира йўл бўлиб, фақат махсус техникалар учун ҳаракатланиш мумкин бўлган. ФВВ қутқарувчилари шерикларининг чақирувидан сўнг дарҳол етиб борган. Ҳозирда жасадлар олиб чиқилган.