Жаҳон | 21:02 / 09.01.2025
1214
2 дақиқада ўқилади

«Рамштайн»да Украинани 2027 йилгача қўллаб-қувватлаш режалари келишиб олинди

АҚШ «Рамштайн» доирасидаги коалициялар етакчиларининг қўшма баёнотини эълон қилди. Унга кўра, шерик давлатлар Украина билан нафақат ҳарбий вақтда, балки ундан кейин ҳам яқиндан ҳамкорлик қилишни режалаштирмоқда.

Фото: president.gov.ua

«Рамштайн» формати доирасидаги иттифоқчилар Украинани қўллаб-қувватлаш режаларини келишиб олди. Гап 2027 йилгача Украинанинг мудофаа қобилиятини ривожлантириш режалари ҳақида кетмоқда, деб хабар беради «РБК Украина».

Қайд этилишича, АҚШ «Рамштайн» доирасидаги коалициялар етакчиларининг қўшма баёнотини эълон қилган. Украина иттифоқчилари 2024 йил 12 июлдаги мажбуриятларини бажариб, саккизта йўл харитаси бўйича келишиб олган. Улар Украинага ёрдам кўрсатиш бўйича саъй-ҳаракатларни оптималлаштириш, ишончли мудофаа ва душманни тутиб туриш қобилиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, Украинанинг НАТО билан алоқаларига кўмаклашиш учун ишлаб чиқилган.

Таъкидланишича, шерик давлатлар Украина билан нафақат ҳарбий вақтда, балки ундан кейин ҳам яқиндан ҳамкорлик қилишни режалаштирмоқда. Бу хайрия, харидлар, инвестиция ва саноат базасини кенгайтиришни ўз ичига олади.

Украина мудофааси бўйича Алоқа гуруҳининг йиғилишида Пентагон раҳбари Ллойд Остин коалициялар фаолияти шериклар томонидан Киевга кўрсатилаётган ёрдамни тезроқ олишда ёрдам берган.

«Биз имкониятлари бўйича саккизта коалиция туздик. Унга 14 та давлат, жумладан, Украина бошчилик қилади. Миллий қуролланиш бўйича директорларимиз билан яқин ҳамкорликда ушбу янги коалициялар кўрсатаётган ёрдамимиз мувофиқлаштирилган, самарали ва барқарор бўлишини таъминлайди», — дейди Ллойд Остин.

Украина мудофаа вазири Рустем Умеровнинг таъкидлашича, Украинанинг асосий вазифаси — уруш пайтида армия эҳтиёжларини мудофаа кучларининг узоқ муддатли ривожланиш мақсадлари билан мувозанатлашдир. Шунингдек, Украина Қуролли кучларининг НАТО кучлари билан тўлиқ мувофиқлигини таъминлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Бугун, 9 январ куни Германияда Украина мудофааси бўйича Алоқа гуруҳининг «Рамштайн» форматидаги 25-учрашуви бўлиб ўтди. Унга Пентагон раҳбари Ллойд Остин бошчилик қилди, шунингдек, Германияга Украина президенти Володимир Зеленский ҳам ташриф буюрган.

Мавзуга оид