Спорт | 11:59
2420
2 дақиқада ўқилади

2024 йилда энг кўп пул ишлаб топган шахматчилар маълум қилинди

2024 йилда дунёда фақат икки нафар шахматчи миллион доллардан кўпроқ мукофот пули олган. Булар ҳиндистонлик 18 ёшли гроссмейстер Гукеш Доммаражу ҳамда хитойлик Динг Лирен. Ўзбекистонлик шахматчи Нодирбек Абдусатторов эса ўтган йилда 12 та асосий турнирда иштирок этиб, қарийб 133 минг долларлик пул мукофотларига эга чиққан.

2024 йилда шахмат турнирларида энг кўп мукофот пулларини қўлга киритган шахматчилар рўйхати эълон қилинди.

Қайд этилишича, ўтган йилда янги жаҳон чемпиони, ҳиндистонлик 18 ёшли гроссмейстер Гукеш Доммаражу ҳамда хитойлик Динг Лирен энг кўп даромад қилган шахматчилар бўлишган. Хусусан, Доммаражу 1 млн 577 минг доллар, Лирен эса 1 млн 183 минг доллар ишлаб топган. 

Сўнгги йилларда умумий рейтингдаги пешқадамликни ҳеч кимга бермай келаётган Магнус Карлсеннинг шахмат турнирларидан ютган даромади 633 минг долларни ташкил қилган. Ўтган мавсумда бор-йўғи 17 нафар шахматчи 100 минг доллардан кўпроқ мукофот пули олган. Улар орасида ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов ҳам бор. Жумладан, Абдусатторов ортда қолган йилда ўтган мусобақаларда қарийб 133 минг долларлик пул мукофотларига эга чиққан. Бунинг учун у 12 та асосий турнирда иштирок этган.

Статистик маълумотларга кўра, барча даврларнинг энг бой шахматчиси норвегиялик Магнус Карлсен ҳисобланади. Бутун фаолияти давомида у 10,7 миллион доллар йиғган. Ундан кейинги ўринларда машҳур жаҳон чемпионлари Вишванатан Ананд (Ҳиндистон) - 9,5 млн доллар, Гарри Каспаров - 7,96 млн доллар ва Анатолий Карпов – 5,9 млн доллар.

Мавзуга оид