2024 йилда Ўзбекистонга электр ва гибрид автомобиллар импорти бензинли автомобилларга қараганда кўпроқ бўлди
Ўтган йилда Ўзбекистонга умумий қиймати 1,27 млрд долларлик 74 минг 525 дона енгил автомобил импорт қилинган. Бу 2023 йилга нисбатан миқдор жиҳатидан 7 фоизга, қиймат жиҳатдан 33 фоизга кам. Йил давомида бензинли автомобилларнинг умумий енгил машиналар импортидаги улуши ҳам 44,2 фоизгача қисқарган.
2024 йилда Ўзбекистонга 74 минг 525 дона енгил автомобил импорт қилинган. Бу 2023 йилга нисбатан 5 минг 710 донага ёки 7,1 фоизга кам. Бу ҳақда Божхона қўмитаси маълумотларида келтириб ўтилган.
Ўтган йилда енгил автомобилларнинг қиймат жиҳатдан импорти кўпроқ қисқарган. Масалан, 2024 йилда 1,27 млрд долларлик енгил автомобиллар олиб келинган бўлса, 2023 йилда бу 1,90 млрд долларни (+33,2 фоиз) ташкил этган.
Умумий ҳажмнинг 32 минг 928 таси бензинли автомобиллар ҳиссасига тўғри келиб, уларнинг импорти 36,3 фоизга камайган (-18 минг 771 та), қиймат жиҳатдан эса 1,18 млрд доллардан 707 миллион долларгача ( – 40,1 фоиз) пасайган. Йил давомида бензинли автомобилларнинг импортдаги улуши ҳам 2023 йилдаги 64,4 фоиздан 44,2 фоизгача қисқарган. Битта автомобилнинг ўртача нархи ҳам ҚҚС ва божхона йиғимларини ҳисобга олмаганда, 22 минг 858 доллардан 21 минг 476 долларгача (-6 фоиз) камайган.
Ўз навбатида, «яшил» автотранспорт воситаларининг олиб кирилиши 1,5 баробарга ошган. Хусусан, 2023 йилда электромобиллар импорти 16 минг 84 донани ташкил этган бўлса, 2024 йилда 24 минг 95 донага кўпайган. Шундай бўлса-да, қиймат жиҳатдан 48,2 фоизлик камайиш қайд этилган. Солиқ ва қўшимча тўловларни ҳисобга олмаганда, битта машинанинг нархи 26 минг 972 доллардан 9 минг 330 долларгача арзонлашган. Электромобилларнинг умумий импортдаги улуши ҳам 20 фоиздан 32,3 фоизгача кўтарилган.
Гибрид автомобилларнинг импорти эса миқдор жиҳатдан 12 минг 300 донадан 17 минг 480 донага (+42 фоиз), қиймат жиҳатдан 289,9 млн доллардан 339,2 млн долларга (+17 фоиз) ошган. Импорт қилинган автомобилнинг ўртача нархи ҳам 23 минг 570 доллардан 19 минг 410 долларгача ёки 17,6 фоизга пасайган. Гибрид машиналарнинг умумий импортдаги улуши 15,3 фоиздан 23,4 фоизгача ўсган.
Жаҳон бозорида электромобиллар нархларининг пасайиб бораётгани ва техник хусусиятларининг яхшиланиши ушбу турдаги транспорт воситаларига бўлган қизиқишни кучайтиряпти. Бундан ташқари, Ўзбекистонга электрда ҳаракатланадиган автомобилларни олиб киришга акциз ва божхона божлари бекор қилинган. Ушбу омиллар импорт ҳажми ошишига таъсир қилаётган асосий жиҳатлар ҳисобланади.
Ўзбекистон 2024 йилнинг 11 ойида энг кўп енгил автомобил импорт қилган давлатлар:
- Хитой – 55 703 дона;
- Корея – 11 266 дона;
- АҚШ – 633 дона;
- Ҳиндистон – 577 дона;
- Япония – 152 дона;
- Бошқа давлатлар – 353 дона.
Мавзуга оид
16:21 / 10.01.2025
Импорт қилиниши тақиқланган хавфли маҳсулотлар рўйхати тасдиқланди
17:13 / 08.01.2025
“Umid avto” раҳбари қамоққа олинди. У жуда кўп миқдордаги фирибгарликда гумонланмоқда
12:11 / 08.01.2025
“На пулни қайтаради, на машинани беради” – «Umid auto leasing»дан одамлар норози
08:48 / 25.12.2024