Жаҳон | 17:38
3768
2 дақиқада ўқилади

Jeju Air самолёти «қора қути»лари ҳалокатдан 4 дақиқа олдин ёзишни тўхтатгани маълум бўлди

Жанубий Кореяда ҳалокатга учраган самолёт парвозининг сўнгги дақиқаларидаги маълумотлар йўқлиги терговни қийинлаштиради.

Фото: SeongJoon Cho / Bloomberg

Жанубий Кореянинг Муан аэропортида ҳалокатга учраган Jeju Air самолётининг иккала регистратори (қора қутилари) ҳам парвознинг сўнгги дақиқаларида ишламаган. Корея транспорт вазирлигининг маълум қилишича, қора қутилар ҳалокатга тўрт дақиқа қолганда ёзиб олишни тўхтатган, деб хабар берди Yonhap.

Қайд қилинишича, самолёт соат 9:03 да ҳалокатга учраган бўлса, иккала регистратор соат 8:59 да маълумотларни ёзиб олишни тўхтатган. Парвознинг сўнгги дақиқаларидаги маълумотлар йўқлиги ҳалокат терговини қийинлаштиради. Бироқ, агентлик таъкидлаганидек, «қора қутилар» терговчилар учун ягона манба эмас.

«Тергов турли ахборот манбаларини, жумладан, ҳаво ҳаракатини бошқариш ёзувлари, ҳалокатга оид видео тасвирлар ва воқеа жойидаги қолдиқларни таҳлил қилишни ўз ичига олади», деб тергов гуруҳи сўзларидан иқтибос келтирди Yonhap.

Boeing 737-800 самолётининг «қора қути»лари ҳозир Вашингтонда таҳлил қилинмоқда.

Бангкокдан учган Jeju Air самолёти 2024 йил 29 декабр куни Жанубий Кореянинг Муан аэропортига қўнаётган вақтда ҳалокатга учради. Самолёт бетон конструкцияга урилди ва ёниб кетди. Ҳодиса оқибатида бортдаги 181 кишидан 179 нафари ҳалок бўлди. Фақат икки экипаж аъзоси тирик қолган. Фожиа қурбонлар сони бўйича Жанубий Корея тарихидаги энг ҳалокатли ҳодиса бўлди.

Мавзуга оид