Жаҳон | 22:05 / 11.01.2025
1014
2 дақиқада ўқилади

Йил бошидан бери Россия авиакомпаниясининг тўртинчи самолёти парвоз пайтида бузилиб қолди

UTair авиакомпаниясининг Дубайга учаётган рейси «Внуково» аэропортига фавқулодда қўнишни амалга оширди. Бир неча кун олдин UTair’нинг Петербургдан Самарқандга учаётган самолёти ҳам фавқулодда Москвага қўндирилган эди.

Фото: UTair

UTair авиакомпаниясининг Москва—Дубай рейсини амалга ошираётган самолёти «Внуково» аэропортига фавқулодда қўнишни амалга оширди. Бу 2025 йил бошидан бери Россия авиакомпанияларига тегишли ҳаво кемаларининг бузилиши билан боғлиқ тўртинчи ҳолатдир. 

Маълум қилинишича, самолётнинг фавқулодда қўнишни амалга оширишига «гидравлик суюқлик даражасининг ўзгариши» сабаб бўлган. Flightradar24 сервиси маълумотларига кўра, ҳаво кемаси Боку осмонидан ўтаётганида яна ортга, Москвага қайтган. Самолёт бортида 240 йўловчи бўлган, уларнинг ҳеч бирига жароҳат етмаган.

7 январ куни UTair’нинг Санкт-Петербургдан Самарқандга учаётган Boeing 737 самолёти ҳам носозлик туфайли «Внуково» аэропортига қўнишга мажбур бўлганди. 4 январда эса Россиянинг иккита самолёти рейс вақтида техник муаммога дуч келган: «Уралские авиалинии»нинг Airbus А321neo самолёти ҳамда, NordStar’нинг Boeing 737 ҳаво кемаси.

Украинага қарши уруш бошлангунга қадар Россия авиапаркида 1031 та самолёт бор эди — уларнинг учдан икки қисмини Boeing ва Airbus компанияларининг ҳаво кемалари ташкил этган. Аммо АҚШ ва ЕИ ушбу самолётларга хизмат кўрсатишни, шунингдек, янги лайнерлар етказиб беришни тақиқлаб қўйган. 2023 йилда Россия ҳукумати яширин равишда авиакомпанияларга самолётлар «каннибализацияси» — бир самолётдаги соз эҳтиёт қисмларни бошқасига кўчириб ўтказишга рухсат берган.

Декабр бошларида Россиянинг энг йирик авиаташувчиси — «Аэрофлот» компанияси «Волга-Днепр» гуруҳидан бешта Boeing 737-800BCF юк ташувчи самолётини сотиб олишни режалаштираётгани маълум бўлганди. Компания Ғарб томонидан жорий этилган санкциялар туфайли бутловчи қисмлар кириб келмаётгани боис ушбу самолётларнинг эҳтиёт қисмларидан фойдаланишни режа қилган.

Мавзуга оид