Жаҳон | 18:35
17066
3 дақиқада ўқилади

Асирликдаги КХДР ҳарбийлари катта йўқотишга учрашганини айтишди

Улар урушга эмас, машғулотга деб олиб кетилган.

Фото: Володимир Зеленскийнинг телеграм канали

Украина хавфсизлик хизмати терговчилари Киевда Шимолий Кореядан келган ва украинларга асир тушган икки ҳарбийни сўроқ қилишди. Украина қуролли кучлари ҳарбийлари КХДР ҳарбийларини асир олгани ҳақида бир кун олдин президент Володимир Зеленский хабар берганди.

Жанубий Корея миллий разведка хизмати КХДРдан икки ҳарбий украинларга асир тушганини тасдиқлаган, деб хабар берди Ёнҳап агентлиги 12 январ куни. Ҳарбий асирлардан бири шимолий кореялик аскарлар Россияда «сезиларли» йўқотишларга учраганини айтишган, деб хабар берган разведкадагилар. «Биз шимолий кореялик асирлар бўйича маълумот алмашишда Украина разведка органлари билан яқиндан ҳамкорлик қиляпмиз», — деган Жанубий Корея разведкаси.

Украина хавфсизлик хизматидагилар 2005 ва 1999 йилларда туғилган икки шимолий кореялик асир тушганини маълум қилган. Улардан бирининг ёнидан Тувада рўйхатдан ўтган бошқа бир киши номига берилган ҳарбий гувоҳнома чиққан, иккинчисида эса ҳеч қандай ҳужжат бўлмаган.

Украина хавфсизлик хизмати икки ҳарбий асирнинг кўрсатмаларини келтирган. Украиналик терговчилар улар билан Жанубий Корея разведкаси ҳамкорлигида, корейс тили таржимонлари орқали мулоқот қилган, чунки асирлар украин, рус ёки инглиз тилларини билишмаган.

Россиялик ҳарбий гувоҳномаси топилган шимолий кореялик 2021 йилдан буён КХДР армиясида ўқчи сифатида хизмат ўтаганини айтган. Ўзининг айтишича, у Россияга Украинага қарши урушда иштирок этиш учун эмас, балки машғулотга келганди. У россиялик ҳарбий гувоҳномасини 2024 йил кузида, КХДР жанговар бўлинмаси таркибида Россия кучлари билан жанговар тайёргарликдан ўтаётганида олган.

КХДРдан бўлган бошқа ҳарбий жағидаги жароҳати туфайли ёзма кўрсатма берган. У КХДР армиясида 2016 йилдан буён хизмат қилиши ва разведкачи мерган сифатида фаолият кўрсатганини айтган.

Украина ҳукумати шимолий кореялик ҳарбийлар Курск областидаги жангларда асир олинганини маълум қилган. Улардан бирини Украина қуролли кучлари махсус амалиётлар кучлари ҳарбийлари, бошқарсини — украин десантчилари асир олишган. «Женева конвенциясида назарда тутилганидек, асирга олиниши билан хорижликларга барча зарур тиббий ёрдам кўрсатилди», — дейилган Украина хавфсизлик хизмати хабарида. Идора асирлар «халқаро қонунчилик талабларига мувофиқ бўлган зарур шарт-шароитларда сақланиши»ни қўшимча қилган.

Украина хавфсизлик хизмати КХДРдан бўлган икки ҳарбий асир сўроқ қилиниши акс этган видеоёзувни намойиш этган.

Украина, Жанубий Корея ва АҚШ баҳоларига кўра, Шимолий Корея ҳукумати Россияга ёрдам учун 10-12 минг ҳарбийсини юборган. 2024 йил декабрида Жанубий Корея разведкасидагилар ҳарбий ҳаракатлар вақтида камида 100 нафар шимолий кореялик ҳалок бўлгани, мингга яқини жароҳатланганини хабар қилди. Володимир Зеленский январ ойида украин ҳарбийлари Курск областида КХДРдан келган тўрт мингга яқин ҳарбийни «зарарсизлантиргани»ни маълум қилди.

Мавзуга оид