Жамият | 17:45 / 13.01.2025
7607
6 дақиқада ўқилади

“Асосан бепул онлайн курслардан фойдаландим” — Ўзбекистонда илк бор SAT'дан 1600 балл олган бухоролик 18 ёшли йигит

Парвиз Тўқсонов дунёнинг топ университетларига киришда асосий баҳолаш тестларидан бири — SAT имтиҳонидан ўзбекистонликлар ичида биринчи бўлиб энг юқори баллни қўлга киритди. У Kun.uz мухбири билан суҳбатда бундай натижага қандай эришгани, тайёргарлик ҳамда имтиҳон жараёнлари ҳақида сўзлаб берди.

Парвиз Тўқсонов Бухоро шаҳридаги 2-умумий ўрта таълим мактабида таҳсил олган. Инглиз тилини тўртинчи синфдан ўрганишни бошлаган. 16 ёшида (2022 йил август) IELTS’дан 8,5 баллни қўлга киритганидан сўнг SAT’га мустақил тарзда тайёрланган.

Имтиҳонга ҳозирлик кўраётган вақтимда яшаш ҳудудимизда SAT’ни ўргатадиган курслар, репетиторлар йўқ эди. Шунинг учун, асосан, онлайн ресурслар яъни YouTube’даги видеодарсликлар, подкастлар, китоблардан фойдаландим. Менга энг кўп ёрдам берган платформа бу Khan академияси бўлди. Ушбу платформада минглаб бепул ва сифатли курслар мавжуд. Улар асосида тест тизимини ўзим, устозлар ёрдамисиз ўргандим”, — дейди у.

Қаҳрамонимиз 2023 йилда SAT’дан 1560 балл тўплаган. 2024 йилда эса ўзининг рекордини янгилаб, SAT’дан максимал балл олган илк ўзбек йигитига айланди.

Умумий ҳисобда бу имтиҳонни уч марта топширганман. Дастлаб 1560 баллни қўлга киритганман. Ўшандан кейин ўз тенгдошларимга мазкур йўналиш бўйича курслар ташкил этиб, дарс ўта бошлаганман. Икки йил давомида SAT ментор бўлиш ва ўқувчилар билан ишлаш жараёни имкониятларимни янада кенгайтиришга ёрдам берди. Ўз билим ҳамда кўникмаларимни ривожлантириш устида доимий шуғулланиб, 2024 йил декабр ойида ўқувчиларим билан бирга яна SAT имтиҳонини қайта топширдим ва 1600 балл олдим”, — дейди Парвиз Тўқсонов.

Унинг айтишича, Ўзбекистонда SAT’дан шу кунгача максимал балл қўлга киритилмаганлигининг сабаби номзодларнинг катта қисми имтиҳонни фақат олий ўқув юртларига кириш учун топшириб, 1500 баллдан юқори натижани қайд этганидан сўнг, ўз устида ишлашни давом эттирмаслигида:

Биринчи марта имтиҳонга кирганингизда инсоний омил - ҳаяжон тестларнинг барчасини тўлиқ ва тўғри бажаришингизга таъсир қилиши мумкин. Умумий 98 та саволдан атиги битта хато қилсангиз ҳам 1600 балл чиқмайди, максимал баллни олишни кўзлаган бўлсангиз, хато қилишга ҳаққингиз йўқ. Ҳамма вазифаларни тўғри ишлаш учун эса имтиҳонни қайта-қайта топшириб, тажриба тўплаш керак”, — дея таъкидлайди Парвиз.

Рекордчига кўра, IELTS сертификатининг ўзи билан чет эл олийгоҳларига қабул қилиниш бироз қийин. Дунёнинг нуфузли университетларига ҳужжат топшириш жараёнларида, асосан, SAT сертификати талаб этилади. SAT – бу мактаб битирувчиларининг олий таълимга қанчалик тайёрлигини кўрсатиб берадиган тест тизими ҳисобланади. Мазкур тест илк бор 1926 йилда АҚШда ишлаб чиқилган, ҳозирда бутун дунё бўйлаб икки миллиондан ортиқ талаба ҳар йили SAT топширади ва ушбу баҳолаш тизимидан олган баллари асосида олийгоҳларга қабул қилинади.

SAT имтиҳонидаги саволлар ўқувчиларнинг нафақат инглиз тили, балки физика, кимё, астрономия каби мактабда ўтиладиган фундаментал фанлар бўйича тушунчаларини ҳам текширади.

Баъзилар IELTS ва SAT’ни инглиз тилини билиш даражасини тасдиқловчи, бир-биридан деярли фарқ қилмайдиган тест тизими сифатида билади. Аммо уларни топшириш жараёни ҳам, нимага йўналтирилгани ҳам бир-биридан фарқ қилади. Қисқа қилиб тушунтирадиган бўлсак, SAT ўқувчининг олий таълимга тайёр ёки тайёр эмаслигини текшириб берадиган тест бўлса, IELTS инглиз тилини қанчалик яхши билишини аниқлайдиган баҳолаш тизими ҳисобланади”, — дейди у.

Имтиҳон иккита бўлимдан иборат: инглиз тили (ўқиш ва ёзиш) ҳамда математика. Инглиз тилига 64 дақиқа, математикага 70 дақиқа берилади. Орада 10 минутлик танаффус ҳам тақдим этилади. Умумий ҳисобда имтиҳонга 2 соат 15 дақиқа вақт сарфланади.

Имтиҳонда вақтни тўғри бошқариш муҳим омил. Жараёнда вақтдан ютишингиз шу имтиҳонга тушадиган саволларни қанчалик кўп ишлаб кўрганингизга боғлиқ. Шахсан ўзим охирги сафар имтиҳонга киришдан аввал ўқувчиларим билан бирга аввалги синов жараёнларида тушган 25 дан ортиқ тест намуналари билан танишиб, саволларни ўрганиб чиққанман. Шунинг учун вақт билан боғлиқ муаммолар бўлмаган”, — таъкидлайди Парвиз.

Парвизнинг сўзларига кўра, кўпчилик тест топширувчилар инглиз тили бўлимидаги иккинчи қисмда муаммоларга дуч келади. Бу қисмдаги саволларни тезроқ ечиш учун тақдим этилган топшириқларни охиридан яъни 27-саволдан бошлаб ечиш тавсия этилади. Чунки охирроғида тушадиган саволлар грамматикага оид бўлади ва уларга жавоб топиш бошқаларига нисбатан осонроқ ҳисобланади. Бу, ўз ўрнида, вақтни тежашга ёрдам беради.

Тўлиқ интервюни Kun.uz YouTube каналида томоша қилишингиз мумкин.

Диёрахон Набижонова суҳбатлашди.
Оператор: Мирвоҳид Мирраҳимов.
Монтаж устаси: Низомжон Тошпўлатов. 

Мавзуга оид