Жаҳон | 17:17 / 13.01.2025
3685
2 дақиқада ўқилади

Британия шифохоналарида навбатлар сабаб кунига 50 га яқин одам вафот этмоқда — The Times

Мамлакатда кунига 5 минг одам гриппга чалинмоқда, бу эса шифохоналарга юкламани оширган.

Фото: picture-alliance

Буюк Британияда ҳар куни 50 га яқин одам тиббиёт муассасаларида навбат кутиб, вафот этмоқда, деб хабар берди The Times газетаси шифокорлар томонидан ўтказилган таҳлилга асосланиб.

Гриппга чалинган беморлар оқими туфайли шифохоналарга катта юклама тушган, бу эса беморларга ёрдам кўрсатишни кечиктирмоқда. Нашрнинг ёзишича, шу сабабли тиббиёт муассасаларида беморлар учун “хавфли” ва “аянчли” шароитлар юзага келмоқда.

Британияда грипп билан касалланиш ҳолатлари сони кунига 5 минггача кўтарилди, деб маълум қилган Миллий соғлиқни сақлаш хизмати раҳбарлари.

Саккизта йирик шифохонада фавқулодда вазият эълон қилинди, уларнинг бирида тиббий ёрдам кутиш муддати 50 соатгача чўзилиши мумкин. Нашр статистик маълумотларга таяниб хабар беришича, ҳозирда касалланиш ҳолатлари сони 2024 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 3,5 баробар юқори.

Эслатиб ўтамиз, Хитойнинг кўплаб ҳудудларида одам метапневмовируси билан касалланиш ҳолатлари аниқланаётгани хабар берилганди.

Айни вақтда Ўзбекистонда ҳам ўткир респиратор инфекцияларга чалиниш ҳолатларининг мавсумий кўтарилиши кузатилмоқда.

Ушбу респиратор инфекцияларнинг сўнгги лаборатория таҳлиллари натижасига кўра: 36,9 фоизда грипп вируси, 30,2 фоизда риновирус, 28,6 фоизда респиратор-синситиал вирус, 1,2 фоизда метапневмовирус ва 3,1 фоизда бошқа вируслар аниқланган.

Мавзуга оид