Ғазодаги оташкесим муҳокамаси, асирга тушган КХДР ҳарбийлари ва Россияга нисбатан санкциялар оқибати — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Ғазодаги вазият
Исроил қўшинларининг Ғазо сектори шимолидаги Жабалия туманида жойлашган мактабга берган зарбаси натижасида саккиз киши ҳалок бўлди, 30 дан ортиқ инсон жароҳат олди. Мактаб Исроил ҳужумларидан ҳимоя излаб келган фаластинликлар учун бошпана бўлган. Жабрланганлар Ғазо шаҳридаги «Ал-Аҳлий» баптистлар шифохонасига етказилган.
Ғазо сектори фуқаролик мудофааси маълумотларига кўра, сўнгги 5 кунда секторда 70 нафар бола ҳалок бўлган.
2023 йилнинг 7 октябридан буён Исроил томонидан амалга оширилаётган ҳужумлар натижасида ҳалок бўлганлар сони 46 минг 565 кишига етди. Биргина сўнгги сутка ичида икки оммавий қирғин натижасида 28 киши ҳалок бўлган, яна 89 киши турли даражадаги жароҳатлар олган.
Ғазода отешкесим муҳокамаси
АҚШ президенти Жо Байден ва Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу яқин кунларда Ғазода отешкесим ва асирларни озод қилиш бўйича музокара ўтказиши мумкин. Бу ҳақда АҚШ миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан маълум қилди.
Салливан CNN'га берган интервюсида томонлар отешкесим ва 98 нафар асирнинг озод қилинишига доир келишувга яқин эканлигини таъкидлади. Бироқ жараён ҳали тўлиқ якунланмаганини қайд этди.
«Биз Байденнинг лавозимидаги ҳар бир кунидан фойдаланиб, бу жараённи тезлаштиришга ҳаракат қиляпмиз», деди Салливан. Унинг сўзларига кўра, Байден Нетаняҳу билан яқин кунларда алоқада бўлади.
Музокаралар Байден 20 январда лавозимни тарк этишидан аввал якунига етказилишига умид қилинмоқда.
Маск ҲАМАСни йўқ қилишга чақирди
Байден Ғазода оташкесимга интилаётган бўлса, унинг ўрнига келадиган Доналд Трампнинг «ўнг қўли», миллиардер Илон Маск Ғазо можаросида Исроилнинг ҳаракатларини қўллаб-қувватламоқда.
Илон Маск Ғазо можаросига оид чиқишида Исроилни «ҲАМАСни йўқ қилиш»га чақирди. У ўз баёнотида АҚШнинг Иккинчи жаҳон урушида Японияга қарши амалга оширган ҳаракатларини мисол келтирди.
Маск ижтимоий тармоқдаги мурожаатида: «ҲАМАС ва уларнинг тарафдорлари эркин ҳаракат қилишга йўл қўйиб бўлмайди. Улар нейтраллаштирилиши шарт», деб ёзди. Шунингдек, у ҲАМАСни «америкаликларга ҳам таҳдид соладиган куч», деб таъкидлади.
Миллиардер Ғазо можаросидан кейин минтақани тиклаш ва уни равнақ топтиришга интилиш зарурлигини қўшимча қилди: «Исроилнинг ғалабасидан сўнг, Ғазо фаровон минтақага айланиши керак».
Украина ҳарбий саноати истиқболлари
Украина президенти Володимир Зеленский АҚШ ва бошқа иттифоқчилар билан Украинада ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимлари ва улар учун ракеталар ишлаб чиқариш лицензиясини олиш имконияти ҳақида гаплашганини маълум қилди.
Зеленскийга кўра, бундай қадам умумий хавфсизликни мустаҳкамлайди ва узоқ муддатли тинчликка эришишни осонлаштиради. «Бу хавфсизликни таъминлашда муҳим қадам бўлади», – деб ёзган у.
Россия томонидан Украинага охирги ҳафтада қилинган юзлаб ҳаво ҳужумлари ҳақида сўз юритар экан, Зеленский 700 дан ортиқ авиабомба ва 600 дан кўпроқ дрон ишлатилганини таъкидлади. Шу муносабат билан, иттифоқчиларнинг хавфсизлик тизимлари бўйича мавжуд келишувларини тезроқ амалга ошириш зарурлигини қайд этди.
«Вашингтондаги НАТО саммити ва «Рамштайн» форматидаги учрашувларда қабул қилинган қарорларни амалга оширишга ҳали тўлиқ эришилмаган», — деди Зеленский.
Асирга тушган КХДР ҳарбийлари
Украина хавфсизлик хизмати Киевда Шимолий Кореядан келган икки ҳарбийни сўроқ қилди. Асирлардан бири Россиядаги йирик йўқотишлар ҳақида гапириб, уларнинг Украинага жанг қилиш учун эмас, машғулот учун келганини айтди. Асирлар украин ёки рус тилларини билмаслиги сабабли тергов Жанубий Корея разведкаси ёрдамида таржимонлар орқали амалга оширилди.
Россияга юборилган КХДР ҳарбийлари ўз ҳикояларида 2021 йилдан бери армияда хизмат қилгани ва Россияда машғулотларда қатнашганини таъкидлашди. Улар Курск областидаги жангларда асирга олинган. Украина хавфсизлик хизмати Женева конвенциясига мувофиқ уларга тиббий ёрдам кўрсатилганини маълум қилди.
Трамп ва Путин учрашуви бўйича тайёргарлик
АҚШ сайланган президенти Доналд Трамп ва Россия президенти Владимир Путин ўртасидаги учрашувга тайёргарлик ишлари бошлангани маълум қилинди. Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майкл Уолцнинг айтишича, ушбу учрашув учун аниқ вақт ва шакл ҳали белгиланмаган.
Уолцнинг таъкидлашича, Путин ва Трамп ўртасида телефон орқали суҳбат яқин кунларда ўтиши мумкин. У бу жараённи биринчи қадам сифатида баҳолади ва яқин ойларда келишувга эришишга ҳаракат қилинишига ишонч билдирди.
Трамп аввал ҳам Путин билан музокаралар ўтказишга тайёрлигини таъкидлаб, Украинадаги урушни ҳал қилиш масаласини муҳокама қилиш муҳимлигини айтган эди. Путин эса 19 декабрдаги чиқишида Трамп билан учрашишга тайёрлигини билдирган.
Ҳозирча Швейцария ва Сербия мазкур учрашувга мезбонлик қилиш учун хоҳиш билдирган.
Россияга нисбатан санкциялар оқибати
АҚШнинг Россия нефт ишлаб чиқарувчиларига ва транспорт флотига қарши янги санкциялари Хитой ва Ҳиндистонни бошқа мамлакатлардан нефт харид қилишга мажбур қилиши мумкин, дейишмоқда экспертлар.
Хусусан, Хитой ва Ҳиндистоннинг нефтни қайта ишлаш заводлари Яқин Шарқ, Африка, Америка давлатларидан нефт харид қилишни кўпайтириши мумкин. Бу эса қора олтин нархининг ўсишига ва ташиш харажатларининг ошишига олиб келиши айтилмоқда.
АҚШ Молия вазирлиги Россиянинг «Газпромнефт» ва «Сургутнефтегаз» компанияларига ҳамда 183 та нефт ташувчи кемаларга нисбатан санкция жорий қилди. Бу танкерларнинг кўпчилиги Россия нефтини Хитой ва Ҳиндистонга етказиш учун ишлатилган. Эндиликда санкциялар нефт етказиб беришни қийинлаштиради.
Эрдўған яна сайловда қатнашмоқчи
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған келгуси президентлик сайловида иштирок этиш эҳтимолини истисно этмади. У бу ҳақда Шонлиурфа вилоятидаги митингда гапирди. Турк хонандаси Иброҳим Тотлисаснинг шу мазмундаги саволига жавобан Эрдўған: «Сиз билан тайёрман», — деди.
Эрдўған 2014 йилдан бери Туркия раҳбари сифатида фаолият юритиб келмоқда. 2017 йилда мамлакатда референдум орқали президентлик республикасига ўтиш ҳақида қарор қабул қилинганидан кейин, Эрдўған 2018 ва 2023 йилги сайловларда ғалаба қозонган. Туркиянинг янгиланган конституцияси бўйича давлат раҳбари кетма-кет икки муддатдан ортиқ лавозимда қолиши мумкин эмас. Бироқ унинг маслаҳатчиси Меҳмет Учумнинг таъкидлашича, агар парламент муддатидан олдин сайлов ўтказишга қарор қилса, Эрдўған яна номзодини қўйиши мумкин.
«Толибон» Ғарбдан товон пули талаб қилмоқда
«Толибон» ҳаракати Афғонистондаги 20 йиллик уруш вақтида жабр кўрган афғонларга Ғарб давлатлари товон пули тўлаши кераклигини талаб қилмоқда. Бу ҳақда «Толибон» вакили Забиҳулло Мужоҳид маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳарбий ишғол даврида шафқатсизликка учраганларга репарация тўланиши адолат талабидир.
Ҳужжатларга кўра, 2010–2013 йилларда Ҳилманд вилоятида Британия аскарлари камида 80 нафар тинч аҳолини ўлдирган, уларнинг айримлари болалар бўлган.
«Толибон» вакиллари уруш жиноятларини текшириш учун Ҳаага халқаро суди комиссия тузиши лозимлигини таъкидлашди. Унга кўра, нафақат Британия, балки Афғонистонда NATO байроғи остида ҳаракат қилган барча 47 давлат бу жиноятларга жавобгар ҳисобланади. Ҳарбий таҳлилчилар Афғонистондаги миссиялар вақтида халқаро меъёрларнинг бузилишига алоҳида эътибор қаратишни талаб қилмоқда.
Даҳшатли ёнғинлар
Дунё бўйлаб даҳшатли ёнғинлар давом этмоқда.
АҚШнинг Калифорния штати Лос Анжелес шаҳрида содир бўлаётган даҳшатли ёнғир қурбонлари сони 16 нафарга етди. Олов қамраб олган ҳудудлардан 160 минг киши эвакуация қилинган.
Сўнгги маълумотларга кўра, электр узатиш линиясининг узилган сими ўрмон ёнғинининг сабабчиси бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.
Россиянинг Саратов области Энгелс шаҳарчасидаги ҳарбий самолётлар ёнилғиси сақланадиган нефт базасига Украина дронларининг ҳужуми туфайли келиб чиққан улкан ёнғинни беш кундирки, ўчиришнинг имкони бўлмаяпти.
Област раҳбари Роман Бусаргиннинг айтишича, айни пайтда “ёнилғининг назорат остидаги ёниб тугаш жараёни” рўй бермоқда ва ваҳима қилишга ҳожат йўқ.
Яманнинг марказий қисмидаги Байда шаҳридаги ёнилғи қуйиш шохобчасида рўй берган портлаш натижасида 15 киши ҳалок бўлди. Камида 67 киши куйиш жароҳати олгани хабар қилинмоқда. Жароҳатланганлардан 40 кишининг аҳволи жуда оғирлиги маълум қилинмоқда. Портлашга нима сабаб бўлгани ҳозирча очиқланмаган.
Мавзуга оид
12:44 / 11.01.2025
Путин-Трамп учрашувига тайёргарлик, Россия нефт компанияларига санкциялар ва Калифорниядаги ёнғин гумондори — кун дайжести
16:04 / 10.01.2025
Ғазода зарба қурбони бўлган чақалоқлар, ҳибсга олинмайдиган Нетаняҳу ва портларни тарк этган Россия ҳарбий кемалари — кун дайжести
14:00 / 09.01.2025
Ғазога авиазарбалар, ҳаддидан ошаётган Илон Маск ва Россия нефт базасига дронлар ҳужуми — кун дайжести
14:08 / 08.01.2025