Гурбангули Бердимуҳамедов илк бор «Миллат отаси» деб номланди
Туркманистоннинг собиқ президенти ҳозир Арқадаг (Ҳомий) ва Туркман халқининг «Миллий етакчиси» деб аталади.
Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси, собиқ президент Гурбангули Бердимуҳамедов илк маротаба омма олдида «Миллат отаси» деб аталди.
Бу ҳақда 9 январ куни парламент раиси ва Вазирлар Маҳкамаси аъзолари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда бош вазир ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередов гапирди.
У Туркманистон бетарафлигининг 30 йиллиги ҳамда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2025 йил «Халқаро тинчлик ва ишонч йили» деб эълон қилинганлиги муносабати билан ўтказилган тадбирларга бағишланган ташкилий қўмита йиғилиши муҳимлигини таъкидлади. Вазир нутқида собиқ президентни биринчи марта омма олдида «Миллат отаси» деб атади. Йиғилиш давлат телевидениеси орқали намойиш этилди ва Туркманистон давлат ахборот агентлиги томонидан Бердимуҳамедовнинг янги мақоми эслаб ўтилган ҳолда батафсил ҳисобот чоп этилди.
Turkmen.news нашрининг таъкидлашича, «Миллат отаси» катта эҳтимол билан Гурбангули Бердимуҳамедовнинг навбатдаги расмий унвонига айланади. Ҳозир давлат оммавий ахборот воситалари уни Арқадаг (Ҳомий) ва Туркман халқининг «Миллий етакчиси» деб аташи шарт. Шу билан бирга, Арқадаг номига кўпинча бошқа таърифлар қўшилади: қаҳрамон-Аркадаг, меҳрибон-Арқадаг, қаҳрамон олим Арқадаг ва бошқалар.
Мавзуга оид
17:06 / 28.12.2024
«Туркманистон» авиакомпанияси Москвага рейсларини 1 ойга тўхтатди
16:26 / 12.12.2024
Абдулазиз Комилов Туркманистоннинг «Ҳурматли эл ёшуллиси» унвони билан тақдирланди
15:25 / 06.12.2024
Туркманистон Ўзбекистонга газ етказиб беришни кўпайтиради
19:33 / 05.12.2024