Иқтисодиёт | 16:19
5910
2 дақиқада ўқилади

Humo тўлов тизими 65 млн долларга сотилди

“Миллий банклараро процессинг маркази” АЖнинг 100 фоиз давлат улушини хусусийлаштириш бўйича келишувга эришилди. 65 млн доллар таклиф қилган “Paynet” АЖ савдо ғолиби деб топилган.

Фото: Humo

Миллий банклараро процессинг маркази (Humo) устав капиталидаги 100 фоиз давлат акциялар пакетини хусусийлаштириш бўйича келишувга эришилди. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, очиқ савдо жараёнларининг мажбуриятга эга таклифлар (BO)ни тақдим этиш босқичида 6 нафар талабгор иштирок этиш учун таклиф қилинган. Жараёнга Deloitte халқаро компанияси консултант бўлган.

Белгиланган муддатларда консультантга жамиятни сотиб олиш бўйича 3 нафар талабгордан мажбуриятга эга таклифлар (BO) келиб тушган ҳамда 65 млн доллар миқдоридаги энг юқори харид баҳосини таклиф қилган “Paynet” АЖ савдо ғолиби деб топилган.

“Мазкур таклиф консултант томонидан ҳисобланган жамиятни сотиш мумкин бўлган индикатив нархлар оралиғида жойлашган ҳамда халқаро мустақил баҳоловчи KPMG томонидан баҳоланган қийматидан юқори.

Талабгор келгусида жамиятга тегишли “Humo” тўлов тизимини барқарор ва узлуксиз ишлашини таъминлашга қаратилган қўшимча тадбирларни амалга ошириш бўйича мажбуриятларни, шунингдек, тизим фойдаланувчиларининг конфиденциал (шахсий ва банк) маълумотларини ҳимоя қилишни зиммасига олган”, дейилади хабарда.

Humo тўлов тизими ҳақида

“Миллий банклараро процессинг маркази” АЖ – банк тўлов карталарига асосланган Humo тўлов тизими Ўзбекистонда ва хорижда операцияларни амалга оширишга мўлжалланган бўлиб, Ўзбекистон тўлов тизимининг таркибий қисми ҳисобланади. Жамият тўлов тизимининг оператори фаолиятини амалга оширишга доир Марказий банкнинг тегишли лицензиясига эга. Устав капитали: 155,4 млрд сўм.

Айни пайтда 27 миллиондан ортиқ Humo карталари чиқарилган бўлиб, 210 мингдан ортиқ терминал ва 6,4 мингдан ортиқ банкоматлар ўрнатилган.

Ўтган йилнинг апрел ойида Ўзбекистонда янги хусусийлаштириш дастури эълон қилинганди. Ундан бир қатор йирик давлат корхоналари қаторида Humo тўлов тизимини ҳам хусусийлаштириш режалари ўрин олганди.

Мавзуга оид