Жамият | 10:13
11561
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда илонни тириклай еб юборган шахс жаримага тортилди

Зоминда кўлвор илонини тириклай еган фуқаро 7,5 млн сўм жарима тўлайдиган бўлди. Шунингдек, 1 млн 125 минг сўм миқдорида табиатга етказилган зарар ҳам ҳисобланган.

Фото: Жиззах вилояти Экология бошқармаси

Жиззах вилояти Зомин туманида илонни тириклай еган шахсга жарима қўлланилди. Бу ҳақда Жиззах вилоят Экология бошқармаси хабар берди.

Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда фуқаро кўлвор илонни тириклай егани акс этган видео лавҳа тарқалган. Ҳолат юзасидан Зомин туман Экология инспекцияси ва ИИБ ходимлари ўрганиш олиб борган.

Ўрганиш давомида бу ишни фуқаро Қ.Ҳ. содир этгани аниқланган. Фуқаро бу ҳаракати билан «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунининг 4, 30, 51, 53-моддалари талабларини бузган. 

Давлат инспекторлари томонидан фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90-модда 1-қисми (Ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини, шунингдек, ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузиш, жиноят аломатлари мавжуд бўлмаса) билан БҲМнинг 20 баравари (7,5 млн сўм) миқдорида жарима қўлланган.

Шунингдек, 1 млн 125 минг сўм миқдорида табиатга етказилган зарар ҳисобланган.

Мавзуга оид