Жаҳон | 23:29 / 13.01.2025
2679
2 дақиқада ўқилади

New Gleen ракетаси парвози стартга 15 дақиқа қолганда бекор қилинди

Жефф Безос томонидан ташкил этилган Blue Origin компанияси келажакда тижорий ва давлат буюртмаларини бажаришга мўлжалланган New Gleen ракетасини синовдан ўтказмоқда. 45 тоннагача юкни орбитага олиб чиқишга қодир ракетанинг баландлиги 98 метрни ташкил этади.

Фото: Blue Origin

New Gleen оғир ракетасининг 13 январга режалаштирилган биринчи тест парвози техник сабабларга кўра бекор қилинди. Бу ҳақда ушбу ракетани яратган Blue Origin компанияси маълум қилди. Компания Amazon асосчиси Жефф Безос томонидан ташкил этилган.

Ракета старти Флоридадаги Канаверал бурнида жойлашган Космик кучлар базасидан учишига тахминан 15 дақиқа қолганида бекор қилинган.

Аввалига ракета 10 январда учиши керак эди, аммо у ноқулай об-ҳаво шароити туфайли бир неча бор қолдирилган. Синов доирасида ракета орбитага келажакда тижорий ва давлат буюртмаларига, жумладан, Пентагонга хизмат кўрсатувчи Blue Ring фойдали юкини олиб чиқиши керак бўлган.

Ракетанинг кўп марталик биринчи поғонаси Атлантикадаги денгиз платформасига қўнишни амалга ошириши керак эди.

Баландлиги 98 метрни ташкил этадиган New Glenn ракетаси икки поғонадан иборат. Биринчи поғонаси кўп марталик бўлиб, ундан 25 мартагача фойдаланса бўлади. Ташувчи ракета Ернинг пастки орбитасига 45 тоннагача фойдали юкни, геостационарга эса 13 тонна юкни олиб чиқишга қодир.

Мавзуга оид