Жамият | 18:23 / 13.01.2025
11759
2 дақиқада ўқилади

Ню Йоркдан Тошкентга учаётган рейс маст йўловчи сабаб Қозонга қўнди

Парвоз вақтида спиртли ичимлик ичган 26 ёшли йўловчи бошқаларга халақит бериб, жанжал кўтарган. Шундан сўнг у боғлаб қўйилган ва Boeing 787 самолёти Татаристонга фавқулодда қўнишни амалга оширган.

Фото: Shot/Uzbekistan Airways

Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Ню Йоркдан Тошкентга учаётган рейси маст йўловчи сабаб Қозонга фавқулодда қўнишни амалга оширди. Бу ҳақда Telegramʼдаги Shot канали хабар берди.

Маълум қилинишича, 26 ёшли Суҳроб У. парвоз вақтида спиртли ичимлик ичиб, жанжал кўтаришни бошлаган ва бу бошқа йўловчиларга ёқмаган, огоҳлантиришларга қарамай у тинчланмаган. Шундан сўнг йўловчи боғлаб қўйилган, Boeing 787 ҳаво кемаси эса бугун, 13 январ куни соат 06:10 да Қозонга фавқулодда қўнишни амалга оширган.

Эркак рейсдан олиб қолинган ва полиция бўлинмасига олиб борилиб, баённома расмийлаштирилган. Борт бир неча соатдан кейин Тошкентга муваффақиятли қўнишни амалга оширган.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда Ню Йорк — Тошкент рейсида учган йўловчилардан бирининг бортда маст ҳолатда жанжал кўтаргани ҳамда хавфсизлик талабларини бузгани сабаб самолёт Санкт-Петербургдаги Пулково аэропортига қўнишга мажбур бўлганди. Фавқулодда ҳолат сабаб йўналиши ўзгарган Uzbekistan Airways АЖ 22 минг 244 доллар зарар кўрган эди.

Мавзуга оид