Сурхондарёда Афғонистонга экспорт қилинган унни сотиб, пулини онлайн қиморга тикиб юборган ҳайдовчи 3 йилга қамалди
Ҳайдовчи 500 қоп унни “Айритом” чегара божхона постига етказиб бериши керак бўлган. Аммо у унни Шеробод тумани ҳудудида аҳолига сотиб юборган. Тўпланган 65 млн сўм пулни эса онлайн қиморга тикиб, ютқазган. У зарарни қоплаш учун оиласи билан яшаётган уйни сотувга қўйган.
Сурхондарёда Афғонистонга экспорт қилинган унни бошқа шахсларга сотиб юборган ҳайдовчи жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.
Суд ҳукмида келтирилишича, 1991 йилда туғилган Д.Т. ҳайдовчилик билан шуғулланган. У фуқаро Ў.М.га тегишли бўлган юк машинасини ижарага олиб, бошқариб келган.
2024 йилнинг 23 август куни Янгиер шаҳар кичик саноат зонасида жойлашган ун маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш билан шуғулланувчи МЧЖ иш юритувчиси Д.Т. билан умумий нархи 93 млн 750 минг сўмлик 25 тонна унни Сурхондарё вилоятидаги чегара божхона постига етказиб беришга келишган. Ушбу ун МЧЖ томонидан Афғонистонга экспорт қилинаётган бўлган.
Иш юритувчининг ишончига кирган ҳайдовчи 25 тонна унни юклаб, йўлга тушган. Бироқ у 500 қоп манзилга олиб бормасдан, Шеробод тумани ҳудудида бир қопини 100 минг сўмдан 150 минг сўмгача бўлган нархларда одамларга сотиб юборган. Йиғилган 65 млн сўм пулни эса онлайн қиморга тикиб, ютқазиб қўйган.
Д.Т. судда айбига тўлиқ иқрорлик билдирган.
“2010 йилдан буён ҳайдовчилик билан шуғулланиб келаман. Турли юк машиналари ва йўловчи ташишга мўлжалланган транспорт воситаларини бошқараман. 2024 йил май ойидан август ойи охиригача Ў.М.га тегишли юк машинасини ҳар ойда 20 млн сўм ижара ҳақи бериш шарти билан юк хати асосида бошқариб келдим.
Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳридаги ун ишлаб чиқариш корхонасидан бир неча бор юк олиб, Афғонистон чегарасига етказиб берганман. 2024 йил 23 август куни ҳам корхонадан 25 тонна ун юклаб, “Айритом” чегара божхона постига етказиб бериш учун олиб кетдим.
Лекин ушбу 500 қоп унни манзилга олиб бормасдан Шеробод тумани ҳудудида бир қопини 100 минг сўмдан 150 минг сўмгача бўлган нархларда ўзимга нотаниш бўлган турли шахсларга сотиб юбордим. Сўнгра йиғилган 65 млн сўм пулни онлайн қиморга тикдим. Ютилган пулдан унни қайтариб жойига қўймоқчи эдим. Бироқ ўйинда ютқазиб қўйдим. Корхона ходимлари нега унни манзилга етказиб бермаганлигимни сўрашганида уни сотиб, бетоб онамни даволатишга ишлатганимни айтдим. Ҳозирда оилам билан яшаётган, онамга тегишли бўлган уйни сотувга қўйдим. Сотилиши билан зарарни қоплаб бераман”, деган ҳайдовчи суддаги кўрсатмасида.
Суд ҳукми билан Д.Т. Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилишда айбли деб топилган. Унга 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Шунингдек, Д.Т.дан корхона ҳисобига 93 млн 750 минг сўм етказилган зарар ундирилиши белгиланган.
Мавзуга оид
22:02 / 10.01.2025
Марказий Банк телефон қўнғироқларига жавоб берилиши оқибатида картадан пул ечилмаслигини маълум қилди
15:21 / 10.01.2025
Танқиддан сўнг: Навоийда 167 хонадонли “новостройка”ни 425 кишига сотган қурувчи қамоққа олинди
17:13 / 08.01.2025
“Umid avto” раҳбари қамоққа олинди. У жуда кўп миқдордаги фирибгарликда гумонланмоқда
12:11 / 08.01.2025