Жаҳон | 11:26
2499
2 дақиқада ўқилади

Toyota қураётган ақлли шаҳар кузда аҳолини қабул қилишни бошлайди

Woven City номли футуристик шаҳарга дастлаб Toyota ходимлари кўчирилади. Шаҳарда одамлар ҳаётини енгиллаштирадиган энг илғор технологиялар жорий этилмоқда.

Фото: AFP

Япониянинг Toyota компанияси CES 2025 кўргазмасида ўзининг Woven City номли футуристик ақлли шаҳри қурилишининг биринчи босқичи якунланганини эълон қилди. Компания 2025 йил кузидан бошлаб дастлабки 100 нафар аҳолини (асосан Toyota ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини) шаҳарга таклиф этишни бошлайди.

Ушбу ақлли шаҳар Япониядаги Фужи тоғи этагида жойлашган бўлиб, у аҳоли учун ўзига хос “жонли лаборатория” вазифасини бажаради.

Toyota Motor Corp. автомобилсозлик компанияси 2018 йилдаёқ нафақат автомобил ишлаб чиқариш, балки мобиллик соҳасида етакчилардан бирига айланиш ниятини эълон қилганди. 2020 йилда у ўзининг Woven by Toyota шўъба корхонаси билан ҳамкорликда барпо этмоқчи бўлган келажак шаҳри концепциясини оммага тақдим этди.

Ҳозирги кунда Woven City кундалик ҳаётга илғор технологияларни жорий этишга интилмоқда. Бу сунъий интеллектга асосланган ақлли уйлардан тортиб, маълум транспорт турларига мўлжалланган кўчаларгача (велосипед йўлаклари, роботаксилар учун йўллар) бўлган технологияларни ўз ичига олади. Концепциянинг асосий йўналишларидан бири — барқарорлик: Toyota ишлатиладиган қурилмаларни қувватлашда водород ячейкалари технологиясидан фойдаланмоқчи.

New Atlas хабар беришича, Woven City аллақачон LEED Platinum сертификатини қўлга киритган. Ушбу сертификат энергия самарадорлиги ва сувни тежаш, экологик тоза материаллар, дизайндаги инновациялар ва бошқа кўплаб соҳаларда бутун дунёда тан олинган энг юқори стандарт белгиси ҳисобланади.

Мавзуга оид